Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп пул топганларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли эмас
11:15 / 2026-01-12

Инсон маълум билим ва кўникмаларга мактаб, университет ва шунга ўхшаш таълим муассасалари орқали эга бўлади. Бироқ, қулоғимизга бот-бот «ҳаёт мактаби» деган ибора чалинади. Хўш, бу мактаб бизга нимани ўргатади?

Ҳар бир онгли инсон ҳаётда қандайдир мақсадга интилиб яшайди. Бу йўлда зарур билим ва тажрибаларни ўзлаштиради. Аммо ҳеч бир мақсадга молиявий саводхонликсиз эришиш имконсиз. Башарти эришганда ҳам уни сақлаб қололмайди. Биз айтган юқоридаги «ҳаёт мактаби» ҳам айнан пул билан қандай муомала қилиш тажрибасини берувчи энг муҳим мактаб десак, хато бўлмайди. Негаки, пул топишни мақсад қилган ҳар қайси киши уни тўғри сарфлаш кўникмасига ҳам эга болмоғи шарт. Шундагина унинг муваффақияти тўкис ҳисобланади.

–Одамзот умрининг охиригача орзу-ҳавас билан яшайди. Бу эса бевосита моддий масалага ҳам бориб тақалади, – дейди тадбиркор Ҳусан Мамасаидов. – Молиявий саводхонлиги бўлган кишилар унча-мунчага қарзга кирмайди. Чунки уларда эмоциядан кўра ақл билан иш юритиш кучли бўлади. Юқорида таъкидланган орзу-ҳавас масаласи эса айнан эмоцияга ҳам бевосита боғлиқлигини ҳисобга олсак, унга эришиш йўлида кўпчилик хатога йўл қўяди. Айниқса, бугунги кунда аксар кишиларнинг молиявий саводхонлиги пастлигидан фойдаланиб, «фалон суммани ҳеч қандай шартларсиз олинг ва узоқ муддатга бўлиб тўланг» каби рекламалар кўпайиб кетди. Табиийки, ҳозирги орзу-ҳавасига эришгиси келган кишилар эртани ўйлашмайди. Аммо олаётган пули ёки товари қанчаю, тўлаётгани қанчалиги билан эса жуда оз инсонлар батафсил қизиқишади. Улар олган қарзларига 20- 25 фоиз қўшиб тўлашсаку унчалик ютқазишмайди. Лекин кўп ҳолларда бу 50, 78 ҳатто 100 фоизгача ортиғи билан тўлаётган ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Шунинг учун киши топаётган даромадига яраша мақсад қўйиши, ёки мақсадига мос даромад топишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Кўриниб турибдики, кўп пул топганларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли эмас, балки уни сарфлаш илми юқори бўлганларгина мақсадига эришган саналаркан. Кундалик турмушимизнинг ажралмас қисми саналмиш пул билан қандай муомала қилишни, аввало оиладан бошласакгина ўзимиз ва ёш авлоднинг бахтли келажагини кафолатлашимиз мумкин бўлади. Зеро, «ҳаёт мактаби»нинг энг кичик бўғини айнан оила.

Шербек Исломов,

ЎзА