2025 йил Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани муносабати билан Навоий давлат университетида Рус тили ва адабиёти кафедраси томонидан “Ўзбекистоннинг кўп маданиятли муҳитида тил ва адабиётни ўқитишда инновацион ва рақамли технологиялар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ушбу анжуман замонавий таълим жараёнида рақамли воситалар, инновацион педагогик методлар, мультимедиа платформалар ва интерактив ўқитиш технологияларидан самарали фойдаланиш тажрибасини оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.

Унда юртимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Покистон, Непал, Россия, Беларусь Республикаси, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда бошқа бир қатор давлатлардаги нуфузли университетларнинг олимлари онлайн ва офлайн форматларида иштирок этди.
– Мазкур конференциядан кўзланган мақсад хорижий давлатлар ва республикамиздаги олий ўқув юртлари ҳамда алоҳида илмий жамоатчилик вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат, – дейди университет Рус тили ва адабиёти кафедраси мудири Феруза Жумаева. – Тил миллатлараро мулоқотнинг асоси, адабиёт эса миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилишнинг энг зўр шаклидир. Бугунги кунда олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Олийгоҳимизда ёш педагоглар, стажёр-тадқиқотчи изланувчилар, магистр ва талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришлари учун барча шароитлар яратилган. Бунинг натижасида кафедрамиз илмий салоҳияти 30 фоиздан ошди ва 2028 йилга қадар бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққанмиз.

Университетда таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ҳамда республикамизнинг етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилмоқда. Алоҳида гуруҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилмоқда ҳамда таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилмоқда.
Анжуманда олим ва тадқиқотчилар “Лингвистика ва адабиётшуносликдаги замонавий илмий қарашлар”, “Қиёсий адабиётшунослик ва таржима методологияси”, “Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини ўрганишнинг янги талқинлари”, “Таълимда рақамли технологиялар ва масофавий таълим имкониятлари”, “Рус тили ва адабиётини ўқитишнинг ривожланиш истиқболлари” каби мавзуларда ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири