Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп квартирали уйларнинг конструкцияларини бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
14:34 / 2024-03-26

Қурилиш соҳасидаги қонунбузилишларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг аҳамияти, зарурати ва унда назарда тутилаётган тартиблар ҳақида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари ўринбосари Азлар Содиқов маълумот берди:  

– Бугунги кунда республикамизда барпо этилаётган ва қайта таъмирланаётган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишда ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик қонунчилигида белгиланган талабларга қатъий риоя этиш борасида назорат қилишни кучайтириш ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятга жазо таъсирчанлигини ошириш зарурати юзага келмоқда.  

Рақамларга тўхталсак, 2019 йилда 71,1 триллион сўмлик, 2020 йилда 88 триллион сўм, 2021 йилда 107,4 триллион сўм, 2022 йилда 130,7 триллион сўм, 2023 йилда 149,9 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Ушбу жараёнларни назорат қилиш давомида 2019 йилда 29 минг 414 та, 2020 йил 25 минг 10 та, 2021 йилда 31 минг 90 та, 2022 йилда 32 минг 5 та, 2023 йилда 35 минг 198 та, шу йилнинг 2 ойи давомида 23 минг 676 та объект рўйхатга олиниб, давлат назорати ўрнатилган.  

Қурилиш ташкилотларининг масъулиятини ошириш, назоратни кучайтириш, қонунбузилишларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш лозим. Амалдаги маъмурий жавобгарлик таъсири паст бўлганлиги боис шаҳарсозлик қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бино фойдаланишга топширилмасдан туриб, хонадонларга кириб яшаш, бош режаларни бузиш ҳолатлари мавжуд. Кўп квартирали уйларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва реконструкция қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган.  

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликларни кучайтириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, инспекция ёки судларда содир этилиши мумкин бўлган коррупциянинг олдини олиш мақсадида маъмурий жарималар миқдорини ягона қилиб белгилаш, яъни амалдаги маълум бир суммадан маълум суммагача деган нормадан воз кечиш таклиф этилмоқда.  

[gallery-16602]

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг амалдаги 229/3-моддасининг санкциялари кучайтирилиб, бош режаларга зид равишда қурганлик, фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузганлик, кўп квартирали уйларнинг ертўла ва биринчи ва қаватидаги конструкцияларни бузганлик ва рухсат олмасдан қурганлик учун жиноий жавобгарликлар белгиланмоқда. Ушбу жиноятлар учун 229/3-моддада маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки шу муддатга озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш таклиф этилмоқда, – деди маърузачи.  

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кўпайиб бораётган ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга, тасдиқланган бош режаларга риоя этилишини таъминлашга, аҳолининг соғлиги, ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга, қурилиш сифатини ошириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни камайтириб, жазонинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.  

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди, қатор саволлар ўртага ташланди ва масъуллардан тегишли жавоблар олинди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА