Туркияда Жаҳон банки ташаббуси билан "Energy Knowledge Networking" форуми бўлиб ўтмоқда.
Сув ва энергия ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш масалаларида билим алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган форумда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева ҳам иштирок этди.

Форум доирасида “Энергия ва иқлим мақсадларидан ҳаракатга қадар” сессияси бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Жаҳон банки ва халқаро экспертлар энергия ва иқлим мақсадларидан амалий ҳаракатларга ўтишнинг долзарб йўлларини муҳокама қилмоқда. Шунингдек, инновацион ечимлар, барқарор инвестициялар ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти таъкидланмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева форум доирасида Жаҳон банкининг инфратузилма ҳамда энергетика бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақаси директори Чарлес Сормиер билан учрашди.
Унда мамлакатимиздаги кўп қаватли уйларнинг энергосамарадорлигини ошириш бўйича модернизация лойиҳалари, марказлашган иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларнинг бориши, долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан кўп квартирали уйларнинг энергосамарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларидаги 1 минг 34 та кўп квартирали уйнинг том, кириш йўлакларидаги темир эшиклар, фрамуга ромлар, ертўла муҳандислик қувурларини янгилаш ҳамда уйларнинг фасад қисмини энергия тежовчи қоплама билан қоплаш каби ишлар амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида дастлабки ишларни амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 2 миллион доллар грант маблағлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Учрашувда Озода Жўраеванинг таклифи билан аҳоли ўртасида соҳага доир тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича қўшимча келишувга эришилди.
Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш ва амалий дастурларни ишлаб чиқишни ҳозирдан бошлаш ташаббусини бир овоздан маъқуллади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА