Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, 2026 йилда кўп квартирали уйларни таъмирлаш харажатларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳар чорак якуни бўйича бошқарувчилар билан тенг улушларда маблағлар ажратилади.
Кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш йўналишида марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини саралаш, амалга ошириш ҳамда уларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш бўйича қуйидаги тартиб ўрнатилади:
а) лойиҳа таклифлари, шу жумладан, мазкур қарорда назарда тутилган манбалардан маблағ ажратиш бўйича таклифлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиниши ва фақатгина уларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилиши шарт;
б) шакллантирилган лойиҳа таклифлари бўйича лойиҳаолди тадқиқотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари, лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказилади;
в) ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати мунтазам равишда барча даражадаги вакиллик органлари депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг қилиб борилади.
Мазкур қарор билан:
а) кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари ширкатларининг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги 94,6 млрд сўм миқдоридаги муддати ўтган қарздорлиги тўловлари 5 йил муддатга шу муддатдан кейинги 5 йил мобайнида ҳар ойда тенг улушларда сўндириш шарти билан кечиктирилади;
б) ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун ҳисобланган 18,6 млрд сўм пенялар ҳисобдан чиқарилади ва пеня ҳисоблаш тўхтатилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари тегишли тижорат банклари билан биргаликда собиқ ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган кўп квартирали уй- жойларни таъмирлаш учун жалб қилинган 1,2 трлн сўм миқдоридаги кредитларни, фоизлар ҳисобланишини музлатиш шарти билан, қайтариш муддатини 2026 йил 1 октябрдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида уч йилга узайтирилади.
ЎзА