Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими янада такомиллаштирилади
12:05 / 2026-02-09

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, қуйидагилар кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди: 

а) марказлашган иссиқлик тармоқларига уланган 1 032 та кўп квартирали уйнинг энергия самарадорлигини ошириш; 

б) мажбурий бадал ва тўловлар ҳамда умумий мол-мулкни ижарага беришдан тушган маблағлар ҳисоб-китобини тўлиқ шаффоф тизимга ўтказиш орқали дебитор қарздорликни камида 80 фоизга камайтириш; 

в) кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида яширин иқтисодиётни камайтириш, бюджет маблағларини ажратиш ва халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш орқали oғиp ҳолатдаги 10 мингта уйни босқичма-босқич яхшилаш; 

г) кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш. 

Қарор билан кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш дастурларини молиялаштириш мақсадида: 

а) 2026-2030 йилларда халқаро молия институтларининг 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобига марказлашган иссиқлик тармоқларига уланган кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун уларни мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш дастури; 

б) 2026-2027 йилларда шаҳар ва туманларда республика бюджетидан 1 трлн сўм маблағ ажратиш ҳисобига кўп квартирали уйларни таъмирлаш ҳамда уйларга туташ ҳудудларда умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури; 

в) 2026 йилда республика бюджетидан 79,5 млрд сўм маблағ ажратиш ҳисобига 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уйларнинг электрон паспортини ишлаб чиқиш бўйича режа кўрсаткичлари; 

г) 2026 йилда республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳамда бошқа манбалардан жами 1,8 трлн сўм маблағ ажратиш ҳисобига кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича йиғма дастур тасдиқланди. 

ЎзА