Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Яъни, ҳужжат билан кўп квартирали уйлардаги умумий улушли мол-мулкни бошқариш муносабатлари ва бундай мулкни бошқариш тартиби белгиланмоқда. Бошқарув шакллари, кўп квартирали уйни бошқариш органларининг ҳуқуқлари, уларни ташкил қилиш, фаолиятини юритиш ва тўхтатиш, шунингдек, давлат бошқаруви ва назорат органлари билан уларнинг ўзаро муносабатлари тартибга солинмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада учраётган кўплаб муаммолар, жумладан, конструктив қисмлари таянч қобилияти ва зилзилабардошлилигини сақлаш ҳамда кўчмас мулк эгаларининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига эришилади. Фракция аъзолари шуларни эътиборга олиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Йиғилишда партиянинг ҳудудий ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА