Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кооперацияни мустаҳкамлаш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш йўлида
20:26 / 2015-04-03

Мамлакатимизда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг биринчи босқичи бошланди

Мамлакатимизда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг биринчи босқичи бошланди 

Бугун мамлакатимизни тараққий эттиришнинг иқтисодий модели дунёдаги энг барқарор ва жадал ривожланаётган моделлардан биридир. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни фаол давом эттириш, асосий тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштириш, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали замонавий, диверсификацияланган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Айни пайтда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиёт ва иқтисодиётни ислоҳ этишнинг муҳим омилидир. Мамлакатимиз саноат ишлаб чиқариши ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар кўрсаткичларининг жадал суръатларда ўсаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Бу кўрсаткич 2005 йилда 9,2 фоиз бўлган бўлса, 2014 йилда қарийб 20 фоизни ташкил этди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржани ўтказишдан асосий мақсад хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, ҳамкорлар топиш, маҳсулотларни етказиб бериш, жумладан, экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга кўмаклашишдан иборатдир.

Саноатчиларнинг асосий форуми давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 12 ноябрдаги “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2009 йил 1 декабрдаги «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2013 йил 29 январда қабул қилинган «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Аввалги халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари натижалари мамлакатимиз корхоналари ва хорижий шерикларнинг саноат кооперацияси, товарлар етказиб бериш ва харид қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқиши йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Чунончи, ўтган йили тадбирнинг биринчи босқичида 3,8 мингдан ортиқ корхона 19 мингдан зиёд янги турдаги маҳсулотини тақдим этди. Биринчи босқич якунларига кўра, 2014 йилда саноат кооперацияси бўйича маҳсулот етказиб бериш юзасидан қиймати 890,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Экспорт шартномаларининг қиймати эса 260,2 миллион долларни ташкил қилди. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг иккинчи босқичида мамлакатимизнинг 1700 дан ортиқ корхона, компания ва ташкилотлари иштирок этди. Улар машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 20 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни намойиш қилди.

Жорий Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ҳам иштирокчиларга манзур бўлади ва унда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилари, шунингдек, хорижий компанияларга кўплаб янгиликлар тақдим этилади. Мазкур тадбирларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги «2015 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ушбу тадбир икки босқичда ташкил этилади. Жорий йилги ҳудудий саноат ярмаркалари апрель ойида бошланди ва июнь ойигача давом этади. Тармоқ саноат ярмаркалари яқин кунларда иш бошлайди ва июнь ойи ўрталарида якунланади. Шу йилнинг октябрь ойида IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа бўлиб ўтади.

Биринчи босқич давомида кичик ва йирик корхоналар ўз маҳсулотини намойиш этиш, ишлаб чиқаришга доир техник янгиликлар, ҳамкор тармоқлар ва корхоналар ютуқлари билан танишиш, ишлаб чиқарилаётган материаллар ҳамда бутловчи буюмларга бўлган яқин истиқболдаги эҳтиёжни аниқлаш имконига эга бўлади. Ҳудудий тадбирлар ниҳоясига етгач, иштирокчилар янги турдаги саноат маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича ўзаро келишувларга эришади.

Иккинчи босқичда эса ушбу келишувлар маҳсулот етказиб бериш шартномаларига айлантирилади ва бу ишлаб чиқарувчиларнинг кейинги йилги буюртмалар портфелини ташкил этади. Икки босқич ўртасидаги муддатда корхоналарда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, маҳсулотларнинг тажриба намуналари тайёрланади, шунингдек, буюртмачилар билан келишилган ҳолда, ўзлаштирилаётган маҳсулотнинг техник параметрлари талаб даражасига етказилади.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа доирасида мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналари ҳамкорликни таклиф этиш мақсадида ўз тақдимотларини ўтказади. Иштирокчилар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа дирекцияси томонидан ҳар йили нашр этилаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари каталоги ёрдамида ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, импорт қилинаётган маҳсулотлар билан танишиш имконига эга бўлади. Мазкур каталогнинг электрон шакли билан www.cooper.uz сайтида танишиш ва унда корхонани рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Мухтасар айтганда, навбатдаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаб, иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларга корхоналар тақдимотлари, уларнинг техник ва технологик имкониятлари, ютуқлари билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.