Коня шаҳрида поёнига етган Ислом бирдамлиги ўйинлари мамлакатимиз спорти учун ғалабали одимлар майдони бўлиш билан бирга, келажак режаларини аниқлаб олиш нуқтаси сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Кеча, 18 август тунда ўйинларнинг расмий ёпилиш маросими ўтказилди. Ўзига хос байрамона тарзда ташкил этилган тантаналарда юртимиз спортчилари 56 та мамлакат вакиллари қаторида Янги Ўзбекистоннинг Янги чемпионлари сифатида саф тортишди.
"Коня-2021" мусобақалари таъкидлаганимиздек, мамлакатимиз спортининг янги саҳифасини очди.
Ўтган 30 йиллик спорт ўйинлари, комплекс спорт мусобақалари тарихида Ўзбекистон ёшлари 50 дан ошиқ давлат вакиллари қатнашган шундай тизимдаги бирон бир нуфузли беллашувларда бу қадар кўп медаль, бу қадар кўп олқиш олмаган, кучли давлатлар, жамоалар орасида умум жамоа кўринишида 2-ўринга кўтарилмаган эди.
[gallery-8392]
Узоққа бормайлик, 2016 йил ҳолатини қарайдиган бўлсак, ҳудудлардаги айрим марказий шаҳарларда ҳам қиш кунлари бирон-бир тайинли спорт тадбирини ўтказа олмасдик. Спорт жиҳозлари, зарур инфратузилма ҳақида оғиз ҳам оча олмасдик. Фақат гапда, қоғозда, ҳисоботларда «ишларимиз беш» эди. Амалда эса ўзимиз билан ўзимиз овора эдик. Катта спорт мусобақаларида қайсидир давлатлар, жамоалар билан бўйлашиш, тенглашиш учун «югур-югур» қилардик.
"Токио-2020" ўйинлари ва ундан кейинги комплекс мусобақалар, анжуманлар Ўзбекистон спортининг юзи, мақсад-муддаоси не чоғли бошқача, ўзгача юксалиш тамойилларига йўғрилганини, янгича қиёфа касб этганлигини намоён этди.
Сўнгги кунги совринли ўринлар сарҳисобга кўра, Туркия мамлакати спортчилари 145 та олтин, 107 та кумуш, 89 та бронза, жами 341 та медаллар жамланмаси билан 1-ўринни, 51 та олтин, 42 та кумуш, 65 та бронза, жами 158 та медаллар билан Ўзбекистон вакиллари 2-ўринни, 39 та олтин, 44 та кумуш, 50 та бронза, жами 133 та медалларга эга эронликлар 3-ўринни эгаллаб, Ислом бирдамлиги ўйинларининг бешинчи мусобақаларига якун ясади.
Тарихга айланган Ислом бирдамлиги ўйинларининг тантанали ёпилиш маросимида Туркия ёшлар ва спорт вазири Меҳмед Муҳаррем Касапоглу ислом бирдамлиги ўйинларининг байроғини Халқаро Ислом бирдамлиги спорт федерацияси (ISSF) раҳбари шаҳзода Абдулазиз бин Турки ал-Фейсалга тантанали тақдим этди.
Куй-қўшиқлар, турли рақслар ва ажойиб кўринишларга бой бўлган маросимда Ўзбекистон спортчилари ўз шиддатини кўз-кўз этди.
Ўйинларда зафар қучган мамлакатимиз спортчилари делегацияси бугун кечки пайти Тошкентга қайтиб келади.
Тўлқин Рўзиев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА