2005 йилдан бери тизимли тарзда ўтказиб келинаётган Ислом бирдамлиги ўйинларининг бу гал Коня шаҳрида ташкил этилаётган баҳслари ҳар қачонгидан-да шиддатли кечмоқда.
Ўйинлар давомида умумий ҳисобда 483 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилади.
Кечаги кун мусобақаларида велоспортчиларимиз Ольга Забелинская, Алексей Фомовский ва Ботир Исматов велотрек бўйича 4 дастурни ўз ичига олган омниум баҳсларида қатнашди
Ислом бирдамлиги ўйинларининг биринчи кунги баҳсларида олтин медалга сазовор бўлган Забелинская мураккаб баҳсда кумуш медалга мушарраф бўлди. Ушбу дастурда қатнашган Алексей Фомовский ва Ботир Исматовга омад етишмади.
[gallery-8221]
Ҳозирча, V Ислом бирдамлиги ўйинларида велоспортчиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза жами 7 та медалга эга бўлиб турибди.
Коня-2021 ўйинларида делегациямиз ҳисобига иккинчи олтин медални пара сузиш мусобақаларида эркаклар ўртасида 100 метр масофага баттерфляй усулида сузишда Азизбек Бойназаров тақдим этди. Ушбу йўналишда қатнашган Султон Нуриддинов эса маррага учинчи бўлиб етиб келди.
Енгил атлетиканинг узунликка сакраш мусобақасининг кечаги баҳсларида Роксана Худоёрова 6.19, Дарья Резниченко эса 6.26 метр натижа билан саралашдан ўтишди. Энди улар бугун медаллар учун кураш олиб боришади. Енгил атлетиканинг 100 метрга югуриш баҳсида Оскар Кучмурадов кейинги босқичга чиқиш имкониятидан фойдалана олмаган бўлса, ёш спортчимиз Фарида Солиева 400 метрга югуриш баҳсида 55.27 сония билан финал мусобақасида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди.
Т. Рўзиев,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА