Ва ниҳоят, Коняда давом этаётган Ислом бирдамлик ўйинларининг сўнгги кунларига келиб Ўзбекистон медаллар жамғаришда Туркиядан кейин 2-ўринга кўтарилиб олди.
15 август кунги баҳслар якунига кўра, мамлакатимиз спортчилари қўлга киритган олтинлар 40 та, кумушлар 28 та ҳамда бронзалар 44 та, жами медаллар сони 112 та.
Медаллар жамғаришда Ўзбекистон спортчиларидан кейинги 3-ўринга тушиб қолган эронликлар ҳозирча 37-31-42, жами 110 та медалга эга бўлиб турибди.

Таъкидлаш лозимки, кечаги баҳсларда Баҳром Мендибоев бош мураббийлигидаги оғир атлетикачиларимиз чинакам қаҳрамонлик кўрсатди. Жаҳон ва олимпия ўйинлари чемпионлари Руслан Нуруддинов, Акбар Жўраев, Турсуной Жаббороваларнинг барча йўналишларда олтин медалларга эга чиқиши, Шарофиддин Амриддинов Ватанимиз спорти шуҳратини улуғлаши билан уларнинг ҳар бир ҳаракати Ислом бирдамлиги ўйинларининг безаги бўлди.

Шунингдек, Илья Илиадис бош мураббийлигидаги юртимиз дзюдочилари ҳам Ислом бирдамлиги ўйинлари дастуридаги илк кунни шиддатли ва биз учун ғурурли бошлашди.
Ҳамюртларимиздан Диёра Келдиёрова, Нилуфар Ермаганбетова, Шаҳрам Аҳадов олтин медалларга мушарраф бўлиши, Сардор Нуриллаев, Сита Қадамбоева ҳамда Севинч Исоқова ўз вазнида бронза медалларига эгалик қилиши умумжамоада Эрон спорт делегациясини ортда қолдиришга муносиб улуш бўлди.
Бундан ташқари, қиличбозликнинг сабля йўналишида Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Паола Плиего ва Айсулу Уснатдиновадан иборат жамоамиз кумуш, рапира баҳсларида Умида Илясованинг бронзага сазовор бўлиши ҳам аҳамият касб этди.
Ўйинлар дастуридан ўрин олган 50 метрга эркин усулда сузиш бўйича финал беллашувида қатнашган ҳамюртларимиз Хуршиджон Турсунов 22.51 сония билан иккинчи, 22.72 сония қайд этган Алексей Тарасенко эса 3-ўринни қўлга киритди.
400 метрга эркин усулда сузиш баҳсида ёш спортчимиз Егор Петряков бронзага эга чиқиши, мусобақа давомида Турсуновнинг натижаси янги Ўзбекистон рекорди сифатида қайд этилганлиги ҳам Коня баҳсларининг аҳамияти ватанимиз спорти учун нақадар эътиборли эканлигидан далолат.
[gallery-8333]
Кечаги кун мусобақаларини баскетбол 3х3 бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам муваффақиятли ўтказди. Ҳамюртларимиз гуруҳ босқичи баҳсида аввалига Малини 13:10, сўнг Угандани 12:10 ҳисобида мағлуб этди. Энди истеъдодли баскетболчи қизларимиз бугун яри финалда Эронга қарши баҳс олиб боради.
Якунланишига 3 кун қолган Ислом бирдамлиги ўйинларининг ортда қолган баҳслари мамлакатимиз спортчиларининг бир мақсад атрофида бирлаша оладиган кучли жамоа эканлигини намоён этди. Бу, ҳар бир мусобақада, спортчиларимизни қўллаб-қувватлаш жараёнларида кўзга ташланмоқдаки, бундан очиғи ғурур-ифтихор тўяди киши.
Умуман олганда, Коняда кечаётган ўйинлар терма жамоалар ва спортчилар учун, мураббий ва мутахассислар учун яна икки йилдан кейин ўтадиган Париж-2024 ўйинлари олдидан ўзига хос имтиҳон бўлди.
Бугун, 15 август куни Ислом бирдамлиги ўйинлари дастурига биноан дзюдо, кикбоксинг, сузиш, қиличбозлик, камондан отиш, баскетбол 3х3, стенддан отиш спорт турлари бўйича баҳслар бўлиб ўтади. Совринли ўринлар учун шиддатли курашлар кечади.
Эслатиб ўтамиз, Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этаётган 56 та мамлакатдан ҳозиргача 40 таси у ёки бу даражадаги совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, 26 таси ҳали-ҳамон бирон бир ўринни эгаллай олмади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА.