Бугун дунё спорт ихлосмандларининг диққат-эътибори Коняга қаратилган. Ислом бирдамлиги ўйинларининг бир қатор йўналишларидаги баҳслари ортда қолганига 7 кун бўлган бўлса, ўтган кунлар мобайнида ўтказилган мусобақалар ҳисоб-китобига биноан белгиланган 483 та медаллар жамланмасининг 72 комплекти ўз эгаларига топширилди.
Хўш бугун, мусобақаларнинг 7-кунида Ўзбекистон спортчилари ўйинларнинг қайси йўналишларида курашларга киришади?
Шу кунларда Коняда Ўзбекистон спорт жамоаси фаолияти учун ташкил этилган ишчи гуруҳ вакилларининг билдиришича, бугун кун давомида ҳамюртларимиз 9 та спорт турида совринли ўринлар учун майдонга чиқади.

Гандболчиларимиз гуруҳ босқичида 3-тур ўйинини Туркияга қарши ўтказади. Пара сузиш мусобақаларида Абдулазиз Хайруллаев ва Бахтиёр Ортиқов 100 метрга эркин усулда сузиш пойгаларида қатнашади. Пара камондан отишда Убайдулло Имомқулов омадини синаб кўрса, енгил атлетикачилар Жавоҳир Нориев ва Анвар Анваров узунликка сакрашда, Суҳроб Хожаев босқон улоқтиришда, Лайло Аллаберганова 200 метрга сузишда, шунингдек, аёллар жамоаси 4х100 метр эстафетада, эркаклар ва аёллар 4х400 метр эстафетада, Иван Маркелов ва Рашидбек Содиқов диск улоқтиришда, Лидия Подсепкина ва Хуршида Холлиева 100 метр тўсиқлар оша югуришда, Роксана Худоёрова ва Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакрашда, Светлана Радзивил ва Сафина Саъдуллаева баландликка сакраш, пара енгил атлетикачи Омадбек Ҳасанов Т47 баландликка сакрашда, спорт гимнастикасида Расулжон Абдураҳимов, Абдулла Азимов, Ҳабибулло Эргашев қатнашади.
Бундан ташқари, таэквондочиларимиз Зуҳра Тожиматова (46), Мафтуна Эргашева (73), Шуҳрат Салаев (80), Никита Рафалович (87) жангларга киришса, стол теннисидаги қизларимиз жамоавий ярим финалда туркияликлар билан беллашади.
Эркин курашчиларимиз Жаҳонгирмирза Туропов (61), Зафарбек Отахонов (70), Бекзод Абдураҳмонов (79), Бобур Исломов (92 ), Ҳасанбой Раҳимов (125) ҳамда аёллар курашида Актенге Кеунимжаева (53), Набира Эсенбаева (62), Светлана Оқназарова (72) гиламга чиқса, велошоссе баҳсларида Муроджон Холмуродов, Алексей Фмовский, Олга Забелинская, Янина Кускова ўз йўналишларидаги пойгаларда қатнашади.
Т. Рўзиев, ЎзА