Бугун, 9 август куни Туркиянинг Коня шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинларининг расмий очилиш маросими ташкил этилади. Мазкур тадбир Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.
Шунингдек, бугун вакилларимиз 5 та спорт турида медаллар учун кураш олиб боради. Стол теннисчиларимиз жамоавий баҳсларда Эрон спортчилари билан куч синашади.
Азизбек Бойназаров, Султон Нуриддинов, Абдулазиз Хайруллаев, Бахтиёр Ортиқовдан иборат пара сузувчилар ҳам навбатдаги дастур баҳсларида қатнашади.
Гандболчи қизлар жамоаси 2-тур ўйинида Бангладеш термаси билан рўбарў келади. Енгил атлетика мусобақаларида Нормурод Эргашев 110 метрга тўсиқлар оша баҳсларда, Роксана Худоёрова ва Даря Резниченко узунликка сакраш мусобақаларида омадини синовдан ўтказади.

Ўйинлар дастуридан ўрин олган таэквондо беллашувларида Чарос Қаюмова (53), Мадина Мирабзалова (57), Жаҳонгир Худойбердиев (54), Дониёр Маҳкамов (58) V Ислом бирдамлиги мусобақаларининг медаллари учун даянга чиқади. Таэквондо мусобақалари 12 августгача поёнига етади.
Бугунгача ўтган мусобақалар натижасига кўра, 11 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза медали билан Туркия спортчилари пешқадамлик қилаётган бўлса, ҳисобида 5-1-4, жами 10 та медаль бўлган қозоғистонликлар 2-ўринда бормоқда. 3 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 4 та бронзага эга Ўзбекистон спортчилари 3-ўринни банд этган. Ўйинлар дастуридан ўрин олган 27 та спорт турларидаги баҳслар белгиланган муддатларда 18 августгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Коняда бошланган Ислом бирдамлиги ўйинларининг мусобақаларида ватанимиз шарафини 265 нафар спортчи 24 та спорт турида ҳимоя қилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА