Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик, идоралар томонидан 2022 йилнинг 15 февралидан 15 мартига қадар “Контрафактсиз ой” тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январда “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Йўл харитаси тасдиқланган эди. Унга кўра, ҳар йили бир марта республика бўйлаб контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши самарали курашишни кўзда тутувчи ҳамда тарғибот-ташвиқот руҳи билан суғорилган “Контрафактсиз ой” тадбирини ўтказиш белгиланган.
Мазкур ойлик якунига бағишлаб ўтказилган брифингда Навоий вилоят интеллектуал мулк ҳимояси маркази раҳбари Раҳматулло Иброҳимов вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, “Контрафактсиз ой” тадбири давомида бозорлар, савдо марказлари, дорихоналарда ўтказилган профилактик тадбирларда сохта тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган 200 га яқин лицензиясиз маҳсулотлар аниқланиб “Контрафакт маҳсулотлар” катологи яратилди.
Марказ томонидан “Контрафакт маҳсулот”лардан огоҳ қилиш мақсадида аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилиб, гавжум жойлар, барча бозорлар ва шаҳардаги жамоат тарнспортларида “Контрафактга қаршимиз” шиори остида баннерлар ўрнатилди ва тарғибот материаллари тарқатилди.
Ойлик доирасида профилактик тадбирларда аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига 60 та огоҳнома, 15 та тақдимнома киритилди. Шунингдек, 4 та маъмурий баённома расмийлаштириб, судларга тегишли тартибада кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА