Сирдарё вилояти адлия бошқармасига “Vodiy kimyo sanoat” МЧЖ томонидан келиб тушган мурожаатда, жамиятга тегишли “Aprel” товар белгисига ўхшаш маҳсулотлар айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан савдога таклиф қилинаётгани ҳақида маълум қилинди.
Ўтказилган текширув тадбирлари давомида Гулистон шаҳридаги эски бозор ҳудудида якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келаётган “К.И.” томонидан истеъмолчиларни адаштириш даражасида тайёрланган “Aprel” номли контрафакт маҳсулотлар савдога қўйилгани аниқланди. Мазкур маҳсулотлар асл бренд белгиси ва имижини ҳақиқий ёки хусусий товар сифатида кўрсатиш орқали харидорларни адаштиришга қаратилгани сабабли ҳуқуқий текширувга сабаб бўлди.
– Ҳуқуқбузарга нисбатан белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланиб, ноқонуний муомаладаги маҳсулотлар савдоси тўлиқ тўхтатилди, – дейди Адлия бошқармаси Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси бошлиғи Акбар Аҳроров. – Биз биламизки, товар белгиси ва сертификатланган маҳсулотларнинг ҳақиқийлигини текширмасдан харид қилиш истеъмолчилар учун иқтисодий ва ҳуқуқий хатарлар келтириши мумкин, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва савдога қўйиш эса қонун доирасида жазога сабаб бўлади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва давлат назоратчилари билан ҳамкорликда бозорларда мониторинг ва қидирув тадбирларини йўлга қўйган. Бу эса контрафакт маҳсулотларни аниқлаш, савдосига чек қўйиш ва қонунийликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири