French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Контейнерда кўчат етиштириш: Ўзбекистон учун янги истиқбол
11:45 / 2025-09-09

Жиззах вилоятида кўчатчилик соҳасида замонавий ва самарали ечим контейнер, яъни гултувак усули амалиётга жорий этилмоқда. Ушбу технология орқали кўчатлар махсус контейнерларда етиштирилиб, қисқа вақтда соғлом ва мустаҳкам ҳолда боғлар ва бошқа яшил ҳудудларга кўчириб ўтказишга тайёрланади.

Контейнер усули дунёнинг ривожланган мамлакатларида, хусусан АҚШ, Германия, Япония ва Жанубий Кореяда кўп йиллардан буён самарали қўлланилиб келинмоқда. Масалан, Германияда шаҳарларни яшиллаштириш ишларининг 80 фоизидан ортиғи айнан шу технология асосида амалга оширилади. Бу эса унинг самарадорлиги ва долзарблигидан далолат беради.

– Гултувак усули – бу кўчатларни йилнинг исталган фаслида экиш, илдиз тизимини сақлаб қолиш ва иқлимга мослашувчанликни ошириш имкониятини беради, – дейди Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Бу технология Жиззахда муваффақиятли татбиқ этилаётгани – мамлакатимиз кўчатчилик соҳасида янги босқични бошлаётганидан далолатдир. Ушбу тажриба бошқа ҳудудлар учун ҳам намуна бўлади деган умиддамиз.

Ҳозирда ушбу лойиҳа Жиззах шаҳри, Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Фориш ва Янгиобод туманларидаги давлат ўрмон хўжаликлари ҳамда кўчатчилик билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилмоқда.

Контейнер танлашда уларнинг ички қисми оқ рангда бўлиши алоҳида аҳамиятга эга — бу қуёш иссиқлигини камроқ сингдиришга ёрдам беради. Шунингдек, ҳар бир контейнерда сув чиқиши учун махсус тешиклар мавжуд бўлиши зарур.

Кўчатлар учун тайёрланадиган субстрат — яъни махсус ер аралашмаси — кўчат ривожида ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Илдизлар ерда нафас олиши ва яхши ўсиши учун субстрат енгил ва ҳаво ўтказувчан бўлиши лозим. Энг мақбул таркиб сифатида 50 фоиз гумус ёки компост, 30 фоиз қум ва 20 фоиз оддий тупроқ тавсия этилади. Имконият бўлса, перлит, вермикулит ёки кокос толаси қўшиш орқали бу муҳит янада енгил ва намликни яхши ушлайдиган ҳолатга келтирилади.

Кўчатлар контейнерда ҳам уруғдан, ҳам тайёр кўчатдан етиштирилиши мумкин. Илдиз тизимини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар ойда органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш тавсия этилади. Суғориш эса томчилатиб суғориш ёки гидрогель қўллаган ҳолда амалга оширилса, кўпроқ самара беради. Ёз фаслида эса ёш кўчатларни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилиш учун махсус соя панжаралари ёки парда материалларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Контейнерда етиштирилган кўчатларни ерга кўчириб ўтказиш жараёнида илдиз тизими бузилмайди, бу эса кўчатнинг тез ва осон мослашишини таъминлайди. Айниқса, дастлабки икки ҳафта давомида мунтазам сув бериш ва соялаш талаб этилади.

– Ўзбекистон иқлими йил сайин ўзгармоқда, ёз фасли тобора иссиқлашмоқда ва ёғингарчилик камаймоқда. Бундай шароитда гултувак технологиясини жорий этиш нафақат долзарб, балки зарурдир, – дейди Эркин Холматов. – Бу усул орқали кўчатларни йил давомида етиштириш, сифатли маҳсулот олиш ва кўчатларни экспорт қилиш имконияти яратилади.

Гултувак усули Ўзбекистонда кўчатчиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Бу технология орқали нафақат иқлим шароитига мос ечимлар ишлаб чиқилади, балки ишчи кучидан оқилона фойдаланиш, соғлом кўчат етиштириш ва ташқи бозорларга чиқиш имконияти ҳам кенгаяди.

Шу боис, контейнерда кўчат етиштириш технологиясини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этиш мақсадга мувофиқ. Жиззахдаги тажриба эса бу йўналишда бошқа вилоятлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари