Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий шикоят институти Ўзбекистон учун янгиликми?
11:26 / 2020-05-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг

27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур. Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради» деб таъкидлаган эди. Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Мазкур қонунга киритилаётган асосий ҳамда энг муҳим ўзгаришлардан бири – конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши билан боғлиқ ўзгаришдир. Қайд этилишича бундан буён муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини назарда тутади. Умумий маънода конституциявий шикоят – жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян суд иш юритишда қўлланилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унинг конституция билан кафолатланган ҳуқуқларини бузади деб ҳисобласа, қоида тариқасида у ваколатли судларга мурожаат этиб, унинг натижасидан қониқмаган тақдирдагина Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқидир. Конституциявий шикоят институтини жорий этиш бугунги замоннинг талаби, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ишончли гаровидир.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида конституциявий шикоят институтини назарда тутилиши қувонарли ҳол, албатта. Шу ўринда ҳақли савол туғилади? Фуқароларнинг конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон амалиётида шу пайтга қадар мавжудмиди ёки бу мутлақо янги институтми? Қайд этиш жоизки 2001 йил «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмини шарҳлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг тўхтами қабул қилинган. Мурожаатга мувофиқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан жисмоний шахслардан қатъий белгиланган миқдорларда олинадиган даромад солиғининг энг кўп ставкаси энг кам ойлик иш ҳақининг 10, сўнгра 20 ва

30 баравари миқдоригача оширилган. Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бир мунча ноқулайроқ шароитларни юзага келтирадиган ўзгартишлар киритилган тақдирда, мазкур субъектлардан кейинги икки йил мобайнида бундай ўзгартишлар кучга киргунга қадар амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади. Юқоридаги Қонуннинг 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш кераклигига қарамай, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Давлат солиқ қўмитаси 2001 йил 13 июндаги №ТД/04-01-05/213 №15/3-3987 рақамли биргаликдаги тушунтириш хати билан уни бундай ҳуқуқдан маҳрум этганлар.

Мазкур масала бўйича Конституциявий суд қуйидагича қарор қилган. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Давлат солиқ қўмитасининг 2001 йил 13 июндаги №ТД/04-01-05/213 №15/3-3987 рақамли тушунтириш хати норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди. Шу боис ундаги, шунингдек шунга ўхшаш хатлардаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунни 16-моддасининг иккинчи қисмини қўлланишга доир тушунтиришлар Конституцияга ҳилофдир.

Юқоридаги мисол Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида конституциявий шикоят билан мурожаат этиш тартиб-таомили мавжудлигини кўрсатади. Шунингдек юқоридаги мисол конституциявий шикоятнинг мазмунан аввалроқ мавжуд бўлганлигини бироқ шаклан мустаҳкамланмаганини кўрсатди. Бироқ мазкур тартиб-таомил жуда мураккаб бўлиб, конституциявий шикоятни икки босқичда дастлаб судьялар томонидан ўрганилиши сўнг суд мажлисида кўриб чиқишни талаб этарди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар томонидан конституциявий шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқининг белгиланганлиги “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” ғоясини мазмунини ўзида акс эттиради.

Конституциявий шикоят институтини тўлиқ татбиқ этмасдан конституция ва қонун устунлигини тизимли таъминлаш мумкин эмас. Умуман жаҳон амалиётида конституциявий шикоятнинг тўлиқ ҳамда қисман турлари фарқланади. Тўлиқ конституциявий шикоятда ҳар бир шахс конституциявий судга ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлигини аниқлаш масаласи бўйича ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барча имкониятларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг мурожаат қилиши мумкин; қисман шикоятнинг ўзига хос хусусияти конституциявий шикоятнинг объектлари доираси чекланганлигидадир. Бу асосан судлар томонидан қўлланилган муайян қонуннинг конституциявийлиги масаласи Конституциявий судда низолашилади. (Польша, Россия Федерацияси, Латвия, Арманистон).

МДҲ мамлакатлари орасида Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари қонунчилигида конституциявий шикоят институти анча аввалроқ жорий этилган.

Ўзбекистонда ҳам мазкур институтнинг жорий этилиши халқ манфаатларини давлат сиёсатида устуворлик касб этганининг белгисидир. Қонун лойиҳасида қисман конституциявий шикоят назарда тутилган бўлиб бунда:

қонун муайян ишда қўлланилган бўлиши;

муайян ишда қўлланилган қонун билан конституциявий ҳуқуқлари бузилган бўлиши;

фуқаролар ва юридик шахслар мурожаат субъекти бўлиши кераклиги назарда тутилган.

Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилигида қисман яъни фақат муайян ишда қўлланилган қонунларнинг конституциявийлиги билан боғлиқ масалалар назарда тутилган. Фикримизча, конституциявий шикоятни жорий этишнинг дастлабки босқичида қисман яъни муайян ишда қўлланилган қонунлар юзасидан конституциявий шикоятнинг кўриб чиқилиши мазкур институтни самарали қўллашга ёрдам беради. Келгусида конституциявий шикоят институти бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистон қонунчилигида мазкур институтни самарали йўлга қўйиш, биринчидан мамлакатда конституция ва қонун устунлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди, иккинчидан, ҳуқуқий низоларнинг мамлакат ички тизимида ҳал қилиш имконини беради.

Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасидаги ислоҳотларни Конституциявий суднинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Киритилаётган ўзгаришлар том маънода Конституциявий суднинг ҳам давлат органи сифатида ҳам суд ҳокимияти органи сифатида «жонланишига» хизмат қилади. Шу қаторда миллий қонунчилигимизда ҳам, суд амалиётида ҳам конституциявий шикоят институтининг ҳуқуқий асосларини белгилаш авваламбор шахс манфаати учун муҳим аҳамият касб этди. Шу қаторда, сўнгги йилларда конституциявий шикоят мазмунидаги мурожаатларнинг сони жиддий равишда ошиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида мазкур институтнинг ҳозирги замонавий ҳуқуқшунослик олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигидан далолат беради.

Мафтуна Абдуллаева,
Тошкент давлат юридик
университети докторанти