Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши кафолати
15:48 / 2019-11-20

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган.


"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар".

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 15-модда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Ҳар бир фуқаро Конституцияни яхши билиши, унга қатъий риоя этиши лозим. Бироқ мазкур муҳим ҳужжатнинг тайёрланиши ва қабул қилиниши жараёнларидан ҳаммамиз ҳам хабардор эмасмиз.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Алишер МАРДИЕВ билан суҳбати Бош қомусимизнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёнлари, ўтган йиллар давомида Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида бўлди.

Алишер Мардиевич, Конституцияга “Бош қомус”, “Асосий қонун” деган таърифлар берилади. Сиз юрист сифатида буни қандай изоҳлайсиз?

– Конституция ҳақиқатан ҳам давлат ва жамиятимизнинг асосий қонунидир. Конституцияда халқимиз қандай давлат қуриши, халқ билан давлат ўртасидаги муносабатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Суд ва уларнинг ваколатлари ёритилган.

Конституциямизнинг 1-моддасида "Ўзбекистон – суверен демократик республика" деб ёзилган. Бу – қонун чиқарувчи, ижро ва суд органларининг ҳар бири мустақил иш кўришга, бир-бирини назорат қилиб бориш принципига асосланган, деганидир. Конституцияда фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари белгиланган. Шунингдек, давлат ва жамиятимизга тааллуқли бошқа асосий масалалар ҳам Конституциядан ўрин олган.

Ушбу ҳужжат халқ муҳокамасидан ўтиб, сўнг қабул қилинди. Шу сабабли ҳар бир фуқаро Конституцияни яхши билиши, унга риоя қилиши, ундаги ҳуқуқ ва бурчларини тўлиқ англаб, амалга ошириши лозим.

Конституция ҳаётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Шу сабабли қабул қилинадиган бошқа қонунлар, қонуности актлари ва бошқа ҳар қандай норматив ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши лозим. Мана шунинг учун ҳам Конституция "Асосий қонун" дейилади.

– Дунёда ўз Конституциясига эга бўлмаган давлатлар ҳам бор. Нима деб ўйлайсиз, давлат суверенитети учун Конституцияга эга бўлиш қанчалик аҳамиятли?

– Дунё давлатчилиги ва унинг тарихида "демократик давлат" ёки "мутлақ марказлашган давлат"лар бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Ҳақиқий демократик давлат қонунлар асосида қурилади. Демократик давлатнинг ўз Конституцияси, ҳар соҳада ўз қонунлари яратилиши ва қабул қилиниши, асосийси бу қонунлар ҳаётда ишлаши, яъни ҳамма унга бўйсуниши ва белгиланган қоидаларни бажариши лозим. Бир сўз билан айтганда, давлат суверен ва демократик бўлиши учун ўз Конституцияси ва қонунлари олий орган – парламенти томонидан қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши шарт.

Бизнинг Конституциямиз халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳам, миллий давлатчилигимиз тажрибаси ва халқимизнинг ўзига хос жиҳатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилгани билан мукаммал Бош қонун, деб ҳисоблайман.

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилишида фаол иштирок этганингиз, хорижий давлатлар конституцияларини ўрганганингиз ҳақида эшитганмиз. Ўша жараёнларни ёдга олсак...

– Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясини яратишда жуда кўп изланишлар бўлди. Биласиз, собиқ совет иттифоқи қонунлар билан эмас, коммунистик партия ва унинг қабул қилган қарорлари билан бошқарилар эди. Шу сабабли қонунлар яратишда тажрибамиз камроқ эди. Шундай бўлса-да, Конституция ва қонунларни ишлаб чиқишда кўп изландик, ҳар бир жиҳат ҳисобга олинди. Қонун аввало шу давлатнинг, халқнинг анъана ва қадриятлари, ўзига хос турмуш тарзидан келиб чиқиши, уни ҳимоя қилиши лозимлигини англаган ҳолда ўз тарихимизни, давлатчилигимизни, Соҳибқирон Амир Темур давлатчилигини, унинг "тузук"ларини ўргандик. Қолаверса, чет эл конституциялари, халқаро ҳуқуқ нормалари ўрганилди. Бу жараёнда жуда кўп олимлар, ҳуқуқшуносларимиз ишлади. Айниқса, устоз домламиз, юридик фанлари доктори, академик Шавкат Уразаев бу борада жуда катта хизмат қилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жараённи шахсан назорат қилиб, ҳар бир бобни ўрганганини, моддаларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритганини яхши эслайман...

Шу тариқа, Ўзбекистон давлати ва халқнинг хоҳиш-иродасини ифодалайдиган, ривожланган давлатлар конституцияларидан қолишмайдиган Конституция яратилди. Умуман, қонунлар яратишда ўша пайтда МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчилардан эди.

– Конституцияни қабул қилишда қайси моддалар ёки бўлимлар бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлган эди?

Қонун лойиҳасини яратиш жиддий масала. Унинг норма ва моддаларини ишлаб чиқиш эса ўта мураккаб жараён. Шу сабабли Конституциямизнинг ҳар бир моддаси бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлгани ёдимда. Айниқса, суд ҳокимияти тўғрисидаги бобда судьялар қандай тартибда сайланиши ёки тайинланиши, яъни судьялар мустақиллигини таъминлаш масаласи бўйича баҳс-мунозаралар бўлганди. Ва барча жиҳатлар ҳисобга олиниб, Олий суд раиси ва ўринбосарлари ҳамда вилоят, туман, шаҳар судлари судьяларини тасдиқлаш ва тайинлаш тартиби белгиланган эди.

– Ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган конституция – мукаммал конституция деган гапни эшитганмиз. Сиз бу фикрга қўшиласизми?

– Ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган Конституция мукаммал бўлади, деган фикрга қўшилмайман. Негаки, давр тақозоси, жамиятнинг ўзгариши ва бошқа сабабларга кўра қонунлар ҳам мукаммаллашиб боради. Қолаверса, Конституция ва қонунлар халқнинг хоҳиш-иродасини ифода этиши лозим. Худди шундай давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, Конституцияга ҳам маълум ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини табиий ҳол, деб қабул қилиш керак. Масалан, Конституциямиз қабул қилинганда Олий Мажлис бир палатадан иборат эди. Кейинчалик, яъни 2003 йилда қабул қилинган Конституциявий қонун билан Олий Мажлис икки палатали бўлди ва бу Конституциямизда ҳам қайд этилди. Қабул қилинадиган қонунларнинг парламент икки палатасида муҳокама қилиниши эса ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

– Алишер Мардиевич, 27 йилдан буён Конституциямизнинг қайси бўлимига кўпроқ ўзгартириш киритилди ва бу нима билан боғлиқ?

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 1992 йилдан ҳозирга қадар ўндан зиёд ўзгаришлар киритилди. Бу ўзгаришлар асосан Олий Мажлис ва унинг икки палатадан, яъни Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат бўлиши билан боғлиқ бўлди. Юқорида айтганимдек, бу ҳақда конституциявий қонун қабул қилинди.

Бундан ташқари, Конституциянинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тааллуқли 98-моддасига, Ўзбекистон Олий суди ва Ўзбекистон Конституциявий судига тегишли моддаларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Албатта, Конституциямиздаги Парламент, Вазирлар Маҳкамаси, суд тизимига оид ўзгаришлар ҳаётда ўз ижобий натижасини бермоқда. Жамиятнинг демократик йўлдан боришини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминламоқда.

– Давлат сиёсати ва тузуми Конституцияга мос бўлиши керакми ёки Конституция давлат сиёсатига мослашиши керакми?

Конституция яратилиши ва қабул қилинишида кўп масалалар, жумладан, давлат тузуми қанақа бўлиши, давлат органлари, сиёсий ташкилотлар қандай фаолият олиб бориши ва бошқа масалалар ҳисобга олинади. Бу Бош қонунда ўз аксини топган. Давлат ўз сиёсатини юритишда, албатта, Конституцияга асосланади. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун Конституцияга мос бўлиши, унда белгиланган меъёрларга тўғри келиши лозим. Биз ҳар бир масалада – у давлат сиёсати билан боғлиқми, фуқаролар манфаатими ёки бошқа масалаларга оидми, ҳаммасида Конституцияга таянишимиз керак.

Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим, кейинги йилларда фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилиши кучаймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, жойларда Президент халқ қабулхоналарининг ташкил этилгани, раҳбарларнинг жойларга чиқиб фуқароларни қабул қилаётгани ва аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг такомиллашгани, суд тизимининг маълум даражада ислоҳ қилиниб, халққа яқинлашгани, фуқароларга амалда сўз эркинлиги берилганлиги, матбуотда бемалол чиқиш учун имконият яратилгани ва бошқа омиллар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишида жуда катта ижобий роль ўйнамоқда. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида ҳам аввало инсон ҳуқуқларига риоя этишга алоҳида ўрин берилмоқда.

– Конституциямизни ўрганиш, халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигидан кўнглингиз тўладими? Бу борада нималарга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси Конституцияни, демакки ўз ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятларини яхши билиши лозим. Хорижий давлатларда бўлганимда айрим мамлакатлар фуқаролари ўз конституцияларини ёнида олиб юрганини кузатганман. Улар ҳар бир хатти-ҳаракатида аввало конституцияга таянади.

Бизда ҳам кейинги йилларда халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб бормоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу масалага жиддий эътибор қаратаётганлиги, очиқ сиёсат олиб бораётганлиги, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлиги, айниқса, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, бу борада амалий ишлар олиб борилаётгани қувонарли.

Шуни унутмаслигимиз керакки, қонун устувор демократик давлатда яшар эканмиз, ҳар бир фуқаро аввало Конституцияни ва ўзига тааллуқли қонунларни яхши билиши, уларга қатъий амал қилиши лозим.