Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий судга янги ваколатлар берилмоқда
19:39 / 2023-07-24

Шу йилнинг 30 апрелида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Унга кўра, Конституциявий судга янги ваколатлар берилмоқда. Жумладан, энди Ўзбекистон Республикаси референдумига олиб чиқиладиган масалалар дастлаб Конституциявий судда кўриб чиқилади ва унинг Конституцияга мувофиқлиги аниқланади.  

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йил муддатга сайланиши белгиланяпти. Илгари Конституциявий суд судьялари 5 йилга, кейин 10 йил муддатга сайланар эди.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.  

Депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, фикрларини, таклифларини билдирди.  

Шунингдек, йиғилишда “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА