Судларга мурожаат қилиш конституциявий ҳуқуқ бўлиб, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Жорий йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун билан ушбу соҳада муҳим янгилик юз берди.
Яъни эндиликда фуқаролар ва юридик шахслар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.
Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида янги қонун билан жорий этилган шу каби жиҳатлар ҳақида маълумот берилди.
Қонунга кўра, Конституциявий суд аъзолари – раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда 9 нафар судьядан иборат бўлди (илгари 7 нафар эди).
Конституциявий суд судьясига Олий ёки биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Президент томонидан, биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади.
Илгари ҳар иккала даража ҳам Президент томонидан берилган.
Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.
Ушбу тартиб Конституциявий суднинг судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади. Илгари ушбу тартиб белгиланмаган эди.
Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлганда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилиши белгиланди. Илгари ёпиқ суд мажлисини ўтказиш асослари аниқ кўрсатилмаган эди.
Фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши албатта демократик жамиятнинг серқирра белгиларидан бўлиб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принципига асосланган ҳолда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг тўлақонли таъминланганлигидан далолат беради.
Бундай амалиёт хорижий мамлакатларда, хусусан, Германия, Арманистон, Россия ва бошқа бир қанча давлатларнинг қонунчилигида ҳам белгиланган.
Энг муҳими, қонуннинг қабул қилиниши билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатлари янада кучайди.
Н.Абдураимова, ЎзА