Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун янгиланган Конституцияга киритилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, Конституциявий суд ваколатлари кенгайтирилиб, Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериши белгиланмоқда.
Конституциявий суд фақатгина ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши мустаҳкамланган.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг қабул қилиниши натижасида Конституция ва қонунларнинг устуворлиги ҳамда уларнинг бир хилда амалда бўлишига эришилади.
Н.Абдураимова, ЎзА