Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш - давр талаби
17:42 / 2025-12-19

Ҳозирги глобал замонда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш, хусусан, суд тизимига замонавий ахборот технологияларини босқичма-босқич жорий этиш давр талабига айланди. Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришиш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Мамлакатимизда конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 18 декабрь куни  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармонга кўра, 2026–2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш, жумладан, суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали Давлат бюджети ҳисобидан электрон тарзда хабардор қилиш; суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш; Конституциявий суд фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқаро ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатадиган ахборот тизимларини яратиш; одил судловни амалга оширишда зарур бўлган маълумотларни фуқаро ва юридик шахсларни овора қилмаган ҳолда ваколатли давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш амалиётини йўлга қўйиш; суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш белгиланган. Бундай тартиб ортиқча бюрократияни камайтириб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш жараёнини соддалаштириб, вақтни тежаш ва масофадан туриб ҳуқуқларни тиклаш имконини беради. Суд мажлисларининг онлайн трансляция қилиниши очиқлик ва шаффофлик принципларини мустаҳкамлайди.

Шунингдек, Фармондаги яна бир муҳим жиҳат - Конституциявий суд ахборот тизимини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар Конституциявий суднинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилиши кўрсатиб ўтилгани. Бу жараён зарур маълумотларни тезкорлик билан олиш, қонун ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш жараёнини тезлаштириш, қоғозбозлик ва бюрократияга чек қўйиш имконини беради.

Шу жумладан, Фармоннинг долзарб ва замонавий йўналишларидан бири - 2027 йил 1 августдан бошлаб Конституциявий суд фаолиятига Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш, фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш, суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш имкониятларига эга “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилиши белгилаб берилди. Умуман олганда,  Конституциявий суд фаолиятига “E-KSUD” ахборот тизимининг жорий этилиши соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва конституциявий одил судловнинг самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутади. 

Хулоса қилиб айтганда, Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш — бу шунчаки техник янгиланиш эмас, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг демократик ва очиқ бўлишини таъминловчи стратегик қадамдир. Бу ислоҳотлар "Инсон қадри учун" тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб, адолатли судловга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Умиджон Гиязов,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг катта эксперти.

                                    ЎзА