Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Маълумки, 2025 йил 18 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш, унинг ишига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, ички тузилиши қайта кўриб чиқилиб, конституциявий назорат самарадорлигини янги поғонага олиб чиқишнинг янги ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Давра суҳбатида ушбу фармон мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинар экан, мазкур ҳужжат юртимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш ва жамиятда адолат принципларини қарор топтириш йўлидаги навбатдаги катта қадам бўлгани эътироф этилди.
Таъкидланганидек, Конституциявий суд фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш — тезкорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади, фуқаролар учун қулайлик яратади, ортиқча қоғозбозликни камайтиради, иш юритиш сифатини оширади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда биринчи маротаба Конституциявий суд ҳар йили парламентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши белгилаган эди. Фармон билан Конституциявий суд томонидан юқорида қайд этилган ахборотни киритиш тартиблари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, фармонда Конституциявий суднинг мурожаатларни кўриб чиқишида янги тартиб белгиланяпти. Эндиликда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан мурожаат қилганда, Конституциявий суд уни шунчаки муаллифга қайтармайди, балки Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборади. Яъни, Конституциявий судга қилинган мурожаат беэътибор қолдирилмайди. Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий назоратнинг ролини оширади.
Давра суҳбатидаги муҳокамалардан сўнг Конституциявий суд иш юритувининг қонуний асосларини такомиллаштириш, бу борада парламентнинг масъул қўмитаси билан яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА