Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов жойларда конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирларда бевосита иштирок этмоқда.
Бу гал унинг навбатдаги учравшуви Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган "Peng Sheng” МЧЖ қўшма корхонаси комплексида бўлди. Корхонанинг кичик мажлислар залида "Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи - халқдир" мавзуида ўтказилган давра суҳбатида Актам Ҳаитов юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларга тўхталди. Бош қомусимизга тадбиркорлар манфаатига хизмат қиладиган хусусий мулк дахлсизлигини тўлиқ таъминлашга қаратилган янги нормалар акс этаётганлигини таъкидлади.

ЎзЛиДеПдан сўзга чиққанлар, кейинги йилларда мамлакатимиз ҳаёти, тақдирига дахлдор муҳим масалаларнинг барчаси халқ билан бамаслаҳат, очиқ-ошкора муҳокама қилинаётгани, хусусан, Конституция ислоҳ қилинишида ҳам халқ фикрига таянилаётгани, билдирилган ҳар бир таклиф, мулоҳаза инобатга олинаётганини тилга олди.
Қайд этилишича, партия етакчиси тумандаги "Интилиш” маҳалласида жойлашган “Сирдарё чорва парранда” МЧЖ ташкил этган паррандачилик кооперациясида ҳам бўлган. Актам Ҳаитов тадбиркор билан суҳбатлашар экан ушбу кооперация фаолиятини янада кенгайтириш, янги ва қўшимча тармоқларни ривожлантириш борасида ўз таклифларини билдирган.
М.Каримова, ЎзА