Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамада
10:48 / 2022-06-30

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, 25 июндан 5 июль кунига қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига старт берилган.

Янги киритилаётган нормалар қонунчиликда қандай ўзгаришларга олиб келади, жамият ҳаётида қандай ижобий натижаларни акс эттиради, деган саволлардан келиб чиқиб, мазкур масалаларни чуқур ўрганиш ва муҳокама этиш мақсадида Судьялар олий мактабида “Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамада” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

— Амалдаги барча қонунлар, ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга зид бўлмаслиги керак, – дейди Судьялар олий мактаби докторанти, юридик фанлар номзоди Холмурод Исанов. – Шунингдек, судлар томонидан одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши билан бир пайтда, судлар томонидан қўлланиладиган қонунлар ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга мос бўлишни ҳам талаб этади.

Бошқача айтганда суд амалиётида қўлланиладиган ҳар қандай қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституцияга зид бўлмаслиги керак. Албатта, судлар томонидан қўлланиладиган ҳар қандай қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мос эмаслиги тўғрисида масалалар пайдо бўлганда, ушбу масала бевосита конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Бундай масаланинг пайдо бўлишини баъзи ҳолларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян иш юзасидан суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятлари билан изоҳлаш мумкин. Бу эса Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш зарурати борлигидан далолат беради.

Юқоридагиларга асосланиб Конституциямизнинг 109-моддасини Конституциявий суднинг ваколатларига оид ушбу мазмундаги банд билан тўлдириш таклиф этилади: “Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан муайян ишларда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқади”.

— Жорий йилнинг 20 июнь куни президентимиз Шавкат Мирзиёев республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашув давомида Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан фуқаролар томонидан билдирилган айрим таклифларга муносабат билдириш асносида ўз таклифларини илгари сурди, – дейди Судьялар олий мактаби докторанти Озода Шамсиддинова. – Жумладан, фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарур, дея қайд этди.

Мазкур кафолатлар лойиҳанинг 39-моддаси тўртинчи қисмига “Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди” деб киритилмоқда.

Давра суҳбатида лойиҳадаги инсон ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари, Ўзбекистон — ижтимоий давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат қуриш каби устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди.

— Интернетга кириш ҳуқуқини нега конституцияда кафолатлаш керак, деган савол туғилади, – дейди Отабек Муталов. – Биринчидан, интернетга кириш ҳуқуқи БМТ томонидан инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида эътироф этилган бўлиб, Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари конституцияда кафолатланиши лозим. Иккинчидан, бугунги кунда конституцияда белгиланган давлат ва фуқаро ўртасидаги 30дан ортиқ муносабатлар амалга ошиши учун интернет зарур. Аммо интернет нодавлат провайдерлар орқали таъминланадиган тармоқ. Давлат унинг ишлаши ва ривожланиши учун шароит яратиб қўллаб-қувватламаса, фавқулодда ҳолатларда ёки бошқа вазиятларда интернет ишлаши тўхтатилиши давлат ичида ҳам халқаро даражада ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқаради. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, давлатларда интернетни узиб қўйиш ҳолатлари борган сари кўпаймоқда. Шу сабабли кўплаб халқаро ташкилотлар давлатларга интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини конституциявий кафолатлашни тавсия этади.

— Конституциямизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгиланган, – дейди докторант Мадина Абдуалимова. – Ушбу нормани қуйидаги таҳрирда белгиланиши мақсадга мувофиқ: “Хусусий мулк дахлсиз ва қонун билан кафолатланади. Мулкдор иродасига қарши ўз мулкидан суд қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақатгина қонунда назарда тутилган ҳолларда фақат олдиндан ва тенглаштирилган компенсация тўлаш шарти билан амалга оширилади”.

Ушбу таҳрирнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлари ва суверенитетини табиий ресурсларга нисбатан мулкни белгилайди, иккинчидан, табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқининг белгиланиши, ўз навбатида давлатимизнинг иқтисодий асосларини белгилайди, учинчидан, ерга нисбатан турли шаклдаги мулк ҳуқуқи, яъни давлат ва хусусий мулк ҳуқуқининг жорий этилиши давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини мустаҳкамлайди. Конституциямизда ҳам ушбу қоидаларни ўрнатиш мулк дахлсизлигини, мулкдорнинг ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилиш ва кафолатлашга, жамиятда мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини тўсиқсиз, эркин тарзда амалга оширишига хизмат қилади.

Судьялар олий мактаби таянч докторанти Севара Бегматованинг фикрича, иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг тўқнашувига йўналтирилган, рағбатлантирувчи хусусиятга эга чоралар қўллаш учун зарур бўлган иқтисодий рақобатнинг ҳуқуқий кафолатларини белгилаб берувчи нормалар ҳар бир давлатнинг асосий Қомусида мустаҳкамланган бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида нафақат инсофсиз рақобат тушунчасига таъриф берилган, балки унинг қонун билан таъқиқланган усуллари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Хусусан ушбу қонуннинг 4-моддасига биноан, рақобат — хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди. Шунингдек, қонунда инсофсиз рақобат тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга биноан инсофсиз рақобат бу — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларидир.

Рақобатни ҳимоя қилишга доир нормалар қонунчиликда ўз аксини топган бўлса-да, ушбу соҳадаги концептуал аппаратни конституциявий жиҳатдан аниқлаштириш зарур. Рақобатни рағбатлантирувчи, уни қўллаб-қувватлашга кўмаклашувчи институтларнинг қўлланилиши бошқа конституциявий тамойилларни назарда тутган ҳолда амалга оширилиши зарур (Иқтисодий фаолият эркинлиги тамойили).

Давра суҳбатида ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, тажрибали мутахассислар, докторант ва илмий изланувчилар фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Б.Мелиқулова, ЎзА