Сурхондарё вилояти секторлар раҳбарлари туманларда бўлиб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.
Жарқўрғон туманида бўлиб ўтган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими, биринчи сектор раҳбари Тўра Боболов иштирок этиб, сўнгги йилларда воҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишлар, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар қатнашган юзма-юз мулоқотда шунингдек, Бош қомусимизга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартиришлар тўғрисида фикр алмашилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга мос Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
– Агар бугунги ва бундан беш йил олдинги ҳаётимизни солиштирсак, кейинги йилларда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида улуғланаётганини чуқур ҳис этамиз, – деди Жарқўрғон тумани маънавият ва маърифат бўлими раҳбари, туман кенгаши депутати Умар Ибодуллаев. – Масалан, бундан беш йил муқаддам қўлимиздаги пластик картамизда пул бўлса ҳам уни ҳаттоки, туман марказида нақдлаштириш жиддий муаммо эди. Қишлоқ ва чекка ҳудудлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Тижорат банклари нақд пул йўқлигини рўкач қилиб, ранги сарғайиб турган мижознинг масаласини ҳал этишни пайсалга солар эди. Эндиликда бу масалада муаммо йўқ. Туман маркази ва олис қишлоқларда ҳам туну-кун ишлайдиган банкоматлар ўрнатилди. Истаган маблағингизни нақд пул кўринишида олишингиз мумкин. Янгиланаётган Ўзбекистонимизда бу каби мисоллар кўп. Демоқчиманки, бугун Бош қомусимиз ҳам ана шундай янгиланишларга мос ўзгариши керак.
Шу маънода биз конституциявий қонун лойиҳасига халқимиз таклифи асосида киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Шу куни вилоят прокурори, иккинчи сектор раҳбари Садриддин Турдиев ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев Термиз туманида, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, учинчи сектор раҳбари Абдувоҳид Исмоилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Арзиқул Соатов, Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Сафаров Музработ туманида ташкил этилган очиқ мулоқотда сўзга чиқди.
Тадбир иштирокчилари Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга муносабат билдирди. Юзма-юз мулоқотлар якунида туманлар секторлар раҳбарлари ва маҳаллий кенгаш депутатларига олис, чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот бериб бориш тавсия этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА