Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий қонун лойиҳаси: фуқаролар ҳам қонунчилик ташаббускори бўлиши мумкин
16:49 / 2022-10-12

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциявий комиссия аъзолари, Қонунчилик палатасидаги масъул қўмиталар ҳамда эксперт ва мутахассислар иштирокида қизғин муҳокама қилиниб, маромига етказилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасининг 83-моддасига кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар сони кенгайтирилмоқда. Жумладан, улар сафига Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари ҳам киритилмоқда.

Бу ҳақда Конституциявий комиссия аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова билан боғланиб, батафсил маълумот олдик.

— Шу кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давомида келиб тушган таклифлар асосида обдон такомиллаштирилмоқда, — дейди М.Ҳусанова. — Ҳар бир таклиф борасида, ҳар бир модда устида қизғин муҳокамалар, баҳс ва мунозаралар кетмоқда.

Амалдаги Конституциямизнинг 83-моддасига кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатларига оид масалалар юзасидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Яъни, мазкур қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиши мумкин.

Эндиликда қонун ташаббускорларининг сафи кенгайтирилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасининг 83-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчиликка оид таклифларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритишга ҳақли”. Шунингдек, қонун лойиҳаларини, қонунчиликка оид таклифларни киритиш ва кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Эътироф этиш керакки, сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқароларнинг қонунчиликка оид таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламентга киритиши институтининг мустаҳкамланаётгани халқнинг ўзи ислоҳотларнинг иштирокчисига айланиши мумкинлигини кўрсатади. Айнан қонун ижодкорлигида, давлат бошқарувида фуқароларнинг иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса қонун ижодкорлиги самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи Австрия, Италия, Швеция, Испания, Филиппин каби давлатлар Конституцияларида ўз аксини топган. Умумий талаб — тегишли миқдордаги сайловчиларнинг имзосини тўплаш ва нотариал тасдиқланган бўлиши лозим.

Бундан ташқари, хорижий тажрибада Сенатнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи ҳам кўплаб давлатларнинг Конституцияларида мустаҳкамланган.

Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг қонунчиликка оид таклифларини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритиш институтининг жорий этилиши демократиянинг бош мезони бўлган давлат бошқарувида халқ хоҳиш-иродасининг акс этиш тамойили таъминланишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА