Айни кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ муҳим сиёсий жараён бўлиб ўтмоқда.
Ушбу жараёнларда минглаб фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 2022 йил 25 июндан бошлаб, жорий йилнинг 5 июль кунига қадар умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Шу боис, бугун қонун лойиҳаси жойларда кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокамадан ўтказилмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, Марказ платформаси орқали бир қатор давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари ташкил этди. Шунингдек, аҳолини Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардор қилишга қаратилган турли кўринишдаги фото, видео, инфографик тўплам ва слайдлар шаклидаги тарғибот материаллари тайёрланиб, кенг жамоатчилик учун тақдим этиб келинмоқда.
Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар ўтказилди.
Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу тадбирларда Марказ маърузачилари томонидан Конституцияга киритилаётган таклифларда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқлари, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлашга қаратилган нормалар киритилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, тадбирларда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаларини ташкиллаштиришда барча бирдек фаолликни ошириши зарурлигини таъкидлаб, лойиҳанинг энг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтди.
– Бугун кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ҳамда 6 та янги модда билан 16 та янги нормани киритиш таклиф этилмоқда, – деди Э.Туляков. – Албатта, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда биринчи навбатда миллий қадриятларимиз ва миллий қонунчилигимиз тарихини ўрганиш билан бир қаторда, ривожланган давлатлар Конституцияси ҳам ўрганилди.
Ўйлайманки, ушбу Конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.
Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан Конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, хусусий мулкчилик, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилиш, сифатли тиббий хизмат ва таълим олишига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Тадбир якунида барча фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирилди. “Тараққиёт стратегияси” маркази фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда Конституциявий комиссияга тақдим этиши таъкидлаб ўтилди.
ЎзА