Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий қонун лойиҳаси: Адвокатурага бағишланган янги боб киритилмоқда
18:54 / 2023-02-27

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Тошкент давлат юридик университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан “Конституциявий ўзгаришлар — олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференцияда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар конституциявий ҳуқуқ соҳасининг олимлари, ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар иштирокида муҳокама қилинди ҳамда уларнинг таклифлари ўрганилди.

Тадбирнинг кириш қисмида парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш.Бафоев конституциявий ислоҳотлар бугунги давр талаби эканлигини, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, энг аввало, инсон омилига қаратилганлигини таъкидлади.    

Конференцияда Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталди:  

[gallery-10724]

— Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳаси устида иш олиб боришда умумхалқ муҳокамаси, жамоатчилик, парламент аъзолари, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда берилган таклифларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир таклиф унинг халқчиллиги, аҳоли учун ортиқча бюрократия келтириб чиқармаслиги, “Инсон қадри учун” деган тамойилга мос келиши, Конституциянинг бошқа нормаларига, олиб борилаётган сиёсатимизга, белгилаб олган стратегиямизга ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслиги, ўзбек давлатчилигининг тарихий тараққиётига, буюк аждодларимизнинг маданий меросига ва миллий қадриятларимизга путур етказмаслиги каби мезонлар асосида чуқур таҳлил этилди. Конституциявий қонун лойиҳаси билан дастлаб 6 та модда таклиф этилган бўлса, ҳозирда 30 та модда тақдим қилинмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасида суд-ҳуқуқ соҳасига оид бир қатор ўзгариш ва янгиликлар ўз аксини топмоқда. Жумладан, адвокатурага бағишланган янги боб киритилмоқда. Бу орқали айблов ва ҳимоянинг том маънода тенглигини таъминлашнинг мустаҳкам конституциявий асослари яратилмоқда. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши назарда тутилмоқда. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади, — деди Ж.Ширинов.    

Муҳтарама Комилова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА