Жорий йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Ушбу Фармон аҳамияти ва мазмун-моҳиятига кўра мамлакатимизда конституциявий назорат институтини навбатдаги ислоҳотлар даврини бошлаб берган тарихий ҳужжат бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Биз, навбатдаги ислоҳотлар даври деб, бежизга таъкидлаётганимиз йўқ, албатта. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар янги Ўзбекистонда босқичма-босқич ва узуликсиз олиб борилмоқда.

Хусусан, 2017 йилда Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиниши бутун бир мустақиллик йилларида, таъбир жоиз бўлса, “суд ислоҳотларидан четда қолган” Конституциявий суд ўзининг мутлақ янгиланиш даврига юз тутди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари аввалги учтадан олтитага етказилди.
Конституциявий суд - суд ҳокимиятининг алоҳида тармоғи эканлигидан келиб чиқиб, унинг ташкил этилиши, ваколатлари ва фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 2021 йил 27 апрелда қабул қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда илк бора конституциявий шикоят институтига асос солинди. Конституциявий суд жами 7 та ваколатга эга бўлди.
2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эса, Конституциявий судга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ваколати берилди. Бу билан умумий ҳисобда унинг ваколатлари саккизтага етди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида, Президент таъбири билан айтганда, том маънодаги Конституция ҳимоячисига айланди.
Хуллас, юқоридаги Фармон Конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини мустаҳкамлаш билан бирга мамлакатимизда олиб борилаётган демкратик ислоҳотлар ортга қайтмаслигини далолат қилади ва бунда Конституция устуворлигини таъминлаш бу шунчаки баланд парвоз гаплар эмас, балки давлат сиёсати, ва шахсан Президентимизнинг олий мақсади эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ҳужжатда Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган бир нечта вазифалар белгилаб берилган бўлиб, ушбу вазифаларни келгусида амалга оширилиши билан Конституциямизнинг асосий принципи - Конституция ва қонуннинг устунлигини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз деб ўйлаймиз.
Шу ўринда фармоннинг муҳим бир жихатига тўхталиб ўтсак. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Мазкур ахборот ўзининг мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон Республикаси Конституциясини мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши, шунингдек, у ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига оид конституциявий нормани амалиётга тадбиқ этилишига хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этилишининг рамзий маъноси бор. Чунки, Олий Мажлис ва Президент мамлакатда халқ иродаси билан сайланадиган ва фақат халқдан тўғридан-тўғри ваколат оладиган ягона субъектлар ҳисобланади.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билвосита халқ номидан қонунлар қабул қилади. Ўзбекистон Республикаси Президент эса фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиши рамзий маънога эга, деб бежиз таъкидламадик. Бу ваколатни Конституция даражасида мустаҳкамланиши ҳам айнан шунда.
Ўтган йиллар давомида ўта муҳим ҳужжат бўлган Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотини тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш бўйича ҳуқуқий асосларни қонунчиликда аниқ белгиланмаганлиги унинг амалдаги ижросини лозим даражада бажарилмаслигига сабаб бўлаётган эди. Ваҳоланки, конституциявий назоратнинг таъбир жоиз бўлса, ушбу “классик усули” Конституция устунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шунинг учун ҳам Президент Фармонида Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахборотида қайд этилган таклиф ва тавсияларни амалга оширилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга оид Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий суднинг таклифлари эътиборга олиниб, келгусида Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати бўйича ахборотида қайд этилган таклиф ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чора-тадбирлар режасини Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқлаш амалиётини жорий қилиш белгиланди.
Шунингдек, масъул давлат органлари томонидан Олий Мажлис палаталари Кенгашлари тасдиқлаган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган топшириқлар ижроси юзасидан белгиланган муддатларда Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий судга ахборот киритиш назарда тутилди.
Бу билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида белгилаб қўйилган Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлиши ва тўғридан-тўғри амал қилиши ҳамда ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишга оид конституциявий нормани амалда ижросини сўзсиз таъминланишига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида таъмидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини самарали таъминланиши - Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шунингдек, инсон қадрини улуғлаш, уни рози қилиш” каби олий қадриятларни конституциявий одил судлов даражасида муносиб ҳимоя қилиш, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг - янги мазмундаги конституциявий тузумини сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
судьяси,
юридик фанлар доктори.
ЎзА