-
“Конституциянинг олий юридик кучга эга экани, тўғридан-тўғри қўлланиши, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани қайд этилмоқда. Буларнинг барчаси Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Мазкур суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди.
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ

Дарҳақиқат, Конституциявий суднинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши кейинги йилларда Конституция устуворлигини таъминлашда ва конституциявий назоратни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Таъбир жоиз бўлса, конституциявий назоратнинг ушбу “калассик шакли” энг самарали ва шаффоф бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида белгиланган Конституция ва қонун устунлиги принципини сўзсиз тан олиниши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлиши ва тўғридан-тўғри амал қилиши ҳамда ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Ўтган 2025 йил 30 декабрь куни Конституциявий суд “Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида Ахборот”ни давлат ҳокимияти органлари вакиллари, масъул ташкилотлар ва кенг жамоатчилик иштирок этган мажлисда кўриб чиқди ва тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этди.
Конституциявий суднинг 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотига батафсил тўхталмоқчи эмасмиз, чунки у оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Биз бугун Конституциявий суд томонидан 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотда илгари сурилган таклиф ва тавсияларни ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Маълумки, Конституциявий суд 2024 йилда “Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги Ахбороти”да мамлакат Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатидан келиб чиқиб, соҳага масъул бўлган идораларнинг эътиборини тергов ва суд жараёнида вақтинча ҳибсхоналарда сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига қаратган эди.
Ушбу масала бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида камида икки соат давом этадиган сайр қилиш, кийим-бош ва пойабзал олиш ҳамда ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиши учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача пул сарфлаш бўйича ҳуқуқларини мустаҳкамлашга оид қонунчилик таклифини Олий Мажлис қуйи палатасига киритилган. Омбудсманнинг ушбу таклифи ўтган 2025 йил 18 ноябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган.
Шунингдек, Конституциявий суднинг 2024 йилдаги ахборотида баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши, Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига оид Конституциянинг 67-моддасида белгиланган кафолатларга зид эканлиги юзасидан хавотир билдириб, ўз таклифларини илгари сурган эди.
Конституциявий суд билдирган таклифлар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атрофлича ўрганилган ва улар бежиз эмас деган, хулосага келишган.
Депутатлар ўрганиш якунида товарлар, ишлар, хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ёки реализация қилинишига аралашиш ёхуд тўсқинлик қилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2025 йил 14 октябрда қуйи палатага киритган.
Қонунчилик палатаси депутатларининг мазкур қонунчилик ташаббуси Конституциянинг 67-моддаси ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини Конституциявий суд алоҳида эътироф этади.
Юқоридагилар билан бирга Конституциявий суднинг ўтган йилги Ахборотида ваколатли органларни, шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқини қонунларда акс эттириш ва тергов судьяси ваколатларининг қонуний асосларини яратишни жадаллаштиришга чақирган эди.
Ушбу масала бўйича маъсул давлат органлари томонидан тегишли тартибда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йилда парламент томонидан қабул қилинганлиги – судлар фаолияти ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатларини кучайтиришда муҳим қадам бўлди.
Яна бир муҳим масала. Конституциявий суднинг 2024 йилдаги ахборотида амалдаги қонунларда белгиланган маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этиш таклифи илгари сурилган бўлиб, ушбу таклиф асосида маҳаллий ҳокимликлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларини ажратишга қаратилган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 2025 йил
9 сентябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Олий Мажлис Сенатига маъқуллаш учун юборилган.
Мазкур қонун билан амалдаги 78 та қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги эътиборга молик, албатта.
Дарҳақиқат, ўтган йилги ахборотда Конституциявий суд Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш масаласида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини малакасини ошириб бориш ташаббусини ҳам илгари сурган эди.
Конституциявий суднинг ушбу ташаббусига биноан, Одил судлов академиясининг малака ошириш курсларида “Одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг мазмун-моҳияти” бўйича алоҳида мавзу киритилган ва 2025 йилда 555 нафар суд корпуси вакиллари ўқитилган. Албатта, Конституциявий суд мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, келгуси йилда ҳам бу амалиётни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Конституцияда белгиланган “Ўзбекистон ижтимоий давлат” принципидан келиб чиқиб, Конституциявий суд томонидан таклиф этилган қуйидаги масалани ижобий ҳал этилиши муҳим воқеа бўлди. Очиқ айтиш керак, Конституциямизда “ижтимоий давлат” тамойилини белгиланиши бу шунчаки оддий нарса эмас, балки, давлатимиз раҳбарининг инсонни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш сиёсатини амалга оширишнинг конституциявий принципи десак асло муболаға бўлмайди.
Маълумки, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддасида - Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Чунки, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилишда зарур ҳуқуқий билимга эга бўлавермайди.
Демак, бундай ҳолларда фуқаролар ўз ҳисобларидан ҳуқуқий ёрдам олишга эҳтиёж сезади. Кам таъминланган шахслар эса ҳуқуқий ёрдам олишлари учун зарур маблағга эга бўлмаслиги мумкин. Айнан шу нуқтаи назардан олганда, Конституциявий судга кам таъминланган шахслар мурожаат қилганда, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида адвокат хизматидан фойдаланишга, ҳуқуқий ёрдам олишга эҳтиёж сезади.
Юридик ёрдамни давлат ҳисобидан кўрсатишга оид конституциявий норма ижросини самарали ташкил этиш мақсадида, кам таъминланган шахслар, агар улар ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида таклифни илгари сурган эди.
Шу муносабат билан Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилган. Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиб, “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” деган, янги ном билан 2025 йил 5 августда қабул қилган. Мазкур Қонун Сенат томонидан ўтган йилнинг 31 октябрида тегишли тартибда маъқулланган.
Келгусида ушбу Қонунни тегишли тартибда имзоланиши ва кучга кириши билан Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида белгиланган - ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли” деган норма ижросини сўзсиз бажарилишига, шунингдек, фуқароларни конституциявий одил судловга эришиш даражасини ошириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиб келаётган мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти келгусида ҳам Конституция устунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб бораверади.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьяси,
юридик фанлар доктори.
ЎзА