Янги фармон
Ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг энг муҳим шартларидан бири – қонун устуворлигини таъминлашдир. Қонун устуворлиги тамойили давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар Конституция ҳамда қонунларга қатъий риоя этишини назарда тутади. Ушбу тамойилни амалда таъминлашда эса Конституциявий суд алоҳида ўрин тутади.

Конституциявий суд давлатда Конституциянинг олий юридик кучини таъминловчи, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги устидан конституциявий назоратни амалга оширувчи муҳим институт ҳисобланади.
Ҳозирги глобаллашув ва жамият ҳаётидаги тезкор ўзгаришлар шароитида давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари олдида конституциявий қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, қонун устуворлигини амалда қарор топтириш вазифалари ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини мамлакатимизда конституциявий назорат институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат сифатида баҳолаш лозим.
Ушбу фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадларга мос равишда, Конституциявий суднинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги таъсирчанлигини ошириш ҳамда конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Фармоннинг энг муҳим ва долзарб жиҳатларидан бири бу – фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганлигидир. Амалиёт шуни кўрсатадики, конституциявий шикоят институтининг самарали ишлаши фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ишончини оширади.
Қолаверса, фармонда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари “йўқолиб кетиши”нинг олдини олишга қаратилган механизмларни жорий этиш назарда тутилгани Конституциявий суд вакили сифатида алоҳида қониқиш уйғотади. Айниқса, Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг мурожаатларини ваколатли субъектлар орқали кўриб чиқиш тизимини жорий этиш фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишдаги яна бир муҳим қадамдир.
Шунингдек, фармонда назарда тутилган нормалар конституциявий шикоят институтининг мазмунан янги босқичга кўтарилишини таъминлайди. Хусусан, муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонун Конституцияга зид деб топилган тақдирда суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш имкониятининг яратилиши инсон ҳуқуқларини тиклашга қаратилган адолатли ва прогрессив ёндашувдир.
Ушбу қоида Конституциявий суд қарорларининг амалий аҳамиятини янада оширади, унинг қарорлари декларатив тусда қолиб кетмасдан, реал ҳуқуқий оқибатларга эга бўлишини таъминлайди. Шу орқали Конституциявий суд ҳақиқий маънода инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатчиси сифатида намоён бўлади.
Жумладан, фармонда Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш орқали ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатиш вазифаси белгилангани ҳам ҳуқуқий давлат тамойилларига тўла мос келади. Бу давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашда Конституциявий суднинг ролини янада кучайтиради.
Таъкидлаш жоизки, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан самарали конституциявий назоратнинг мавжудлиги жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Чунки, бу орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга мувофиқ қабул қилиниши ва қўлланилиши таъминланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш глобал тараққиётнинг асосий йўналишларидан бирига айланиб улгурган. Сабаби, фуқаролар кўп вақт ва ортиқча харажат сарфламасдан, турли маълумотнома ва рухсатномаларни масофадан туриб олиш, ўз мурожаатларини йўллаш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса навбатлар, қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларнинг сезиларли даражада қисқаришига ҳамда фуқаролар учун очиқлик ва шаффофликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, фармонда Конституциявий суд фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган нормалар ҳам ўз аксини топган бўлиб, “E-KSUD” ахборот тизимининг жорий этилиши суд фаолиятида шаффофликни ошириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва одил судловга эришишда қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, электрон мурожаатлар қабул қилиш, суд жараёнларини онлайн кузатиш имконияти буларнинг барчаси Конституциявий судни замонавий, очиқ ва халқчил институт сифатида шакллантиришга қаратилган муҳим қадамлардир. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитлар яратиш инсонпарварлик тамойили ҳамда ижтимоий давлатнинг амалий ифодаси дейиш мумкин.
Қолаверса, фармон билан Конституциявий суд фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, қўшимча штат бирликларини ажратиш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Судья ва суд ходимларининг муносиб меҳнат шароитига эга бўлиши, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши, одил судлов сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган омил эканини амалиёт тасдиқлаб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони Конституциявий суд фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган, ўз мазмун-моҳиятига кўра, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда конституциявий одил судловни ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ ва самарали амалга оширилиши Конституциявий судни фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва жамиятда адолат ҳамда қонунийликни қарор топтиришдаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА