Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий назорат тизимини такомиллаштириш – давр талаби
15:51 / 2025-12-01

Бугунги кунда дунё давлатларида Конституция нормаларининг тўғри ва кенг қўлланилиши ҳамда ҳуқуқий муносабатларда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш бўйича назорат тизими институционал жиҳатдан турлича йўлга қўйилган.

Хусусан, айрим давлатларда Конституциявий назорат Конституциявий судлар, олий судлар ва Конституциявий назоратни амалга оширувчи махсус органлар томонидан амалга оширилмоқда.
АҚШ, Канада, Австралия каби давлатларда Конституциявий назорат Олий суд раҳбарлигидаги умумюрисдикция судлари томонидан олиб борилса, Францияда бу вазифа Конституциявий кенгаш зиммасига юкланган.

Мамлакатимизда Конституциявий назорат Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелдаги Конституциявий қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди томонидан амалга оширилади. МДҲ давлатларида ҳам Конституциявий назоратни Конституциявий судлар олиб боради.

Умуман олганда, амалиётда, Конституциявий назоратни олиб боришнинг асосан икки тури шаклланган бўлиб, АҚШ модели (Олий суд ва умумюрисдикця судлари доирасида) ва континентал (Австрия) модель шаклида иш юритилади.

Ўзбекистонда Конституциявий назорат Конституциявий суд томонидан олиб борилар экан, ушбу фаолиятни тартибга солувчи қонун уч марта янги таҳрирда қабул қилинди. Хусусан, 2021 йилда қабул қилинган қонунда Конституциявий суднинг фаолиятини тартибга солувчи навбатдаги янги нормалар амалиётга киритилди. Конституциявий суднинг ваколатлари “аниқлаш”, “хулоса бериш”, “шарҳ бериш”, “кўриб чиқиш” ва “ахборот тақдим этиш”дан иборатлиги ойдинлашди. Бу ваколатлар қонуннинг 4-моддаси мазмунидан келиб чиқади. Мазкур модданинг 1 ва 2-бандларига кўра, Конституциявий суд:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар – Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар – Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.
Шу ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддасининг биринчи қисми 1-2-бандларида ҳам кўрсатилган.

Назаримизда, айнан ушбу “ваколатлар” Конституциявий суднинг реал ваколатларининг ноаниқ ҳолда қонунчиликда сақланиб қолишига олиб келмоқда. Негаки “аниқлаш” ваколати, аслида, ниҳоятда умумий ва ноаниқ жумла бўлиб, унинг натижаси борасидаги ҳуқуқий нормалар қонунчиликда очиқлигича қолган, дейиш мумкин.

Ваҳоланки, ушбу тоифадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар бўйича хориж давлатларининг Конституциявий судларининг ваколатлари қонунчиликда аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Масалан, “Қозоғистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуни 23-моддасига кўра, “Конституциявий Суд қуйидагиларнинг Қозоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини кўриб чиқади:

1. Қозоғистон Республикаси Парламенти томонидан қабул қилинган, бироқ Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан имзоланмаган қонунлар;

2. Қозоғистон Республикаси Парламенти ва унинг палаталари томонидан қабул қилинган қарорлар;

3. Қозоғистон Республикасининг халқаро шартномалари улар ратификация қилингунга қадар”.

Яъни Конституциявий судларнинг Қозоғистонда ушбу тоифадаги ишларни “кўриб чиқиши” аниқ кўрсатилган. Бироқ миллий қонунчилигимизда Конституциявий суд мазкур тоифадаги ишлар бўйича тегишли ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини “аниқлаши” кўрсатилган. Яъни, назарий жиҳатдан, ушбу ҳолатда, миллий қонунчилигимизда Конституциявий суднинг юқорида қайд этилган ҳужжатларни ўрганиш натижалари бўйича қонун доирасида таъсирчан чора кўриш ваколатлари белгиланмаган. Бу эса конститутциявий назорат институтининг тўлақонли ва самарали ишлашини таъминлашга имкон бермаслиги мумкин.

Шу билан биргаликда, яна бир ҳолатга эътибор қаратиш лозим. Хусусан, Конституциямизнинг 15-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.”

Яъни суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилишувчи органлар ҳам Бош қомусимизни ўз фаолиятларида бевосита қўллашлари лозим. Бу қоида Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида ҳам мустаҳкамланган.

Конституциямизнинг 133-моддаси биринчи қисми 6-бандига кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади.

Айни шу ваколат 687-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддаси биринчи қисми 5-бандида ва Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунида ҳам мустаҳкамланган. Жумладан, мазкур қонуннинг 30-моддаси биринчи қисми 11-хатбошисига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш тўғрисида, шунингдек. судлар ташаббуси билан киритилган муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат киритиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумига тақдимнома киритади.

Конституциянинг 22-моддаси иккинчи қисми 4-хатбошисига кўра эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш масалалари юзасидан мурожаат киритиш, шунингдек муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги судлар ташаббуси билан киритилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат киритиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқади.

Соддароқ қилиб айтганда, ушбу норма судларда ишни кўриш давомида у ёки бу нормаларнинг Конституцияга мос ёки мос эмаслигини аниқлаш зарурати бўлганда, Олий суд орқали бу масалада Конституциявий судга мурожаат қилиниши мумкинлигини кўрсатади. Чунки судьялар Конституцияга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаши мумкин эмас ва Конституция бутун мамлакатда бирдек ва бевосита амал қилади.

Бундай ҳолатда судлар иш юритишни тўхтатиб туриши керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий-процессуал кодекси 101-моддаси 1-банди, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик-процессуал кодекси 116-моддаси 4-банди, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 99-моддаси 1-бандида судлар ушбу ҳолатда иш юритишни тўхтатиб туриши мажбурият сифатида кўрсатилган.

Нормаларнинг Конституцияга мувофиқ қўлланилишини таъминлаш мақсадида суд(ья)ларнинг Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиши ва ушбу суд томонидан мазкур масала бўйича якуний қарор қабул қилингунига қадар иш юритишнинг тўхтатиб турилиши, бизнинг назаримизда, жуда чуқур ўйланган ва тўғри амалиётдир. Шу билан биргаликда, ушбу нормалар замирида судлардаги ушбу (эҳтимолий) мурожаатларнинг Олий суд томонидан таҳлил қилинган, ўрганилган ва маказлаштирилган тарзда Конституциявий судга етказилиши мақсад қилинганлигини тушуниш мумкин. 

Аммо қайд этиш лозимки, айрим мутахассислар томонидан Конституция нормаларини қўллаш бўйича шаклланган мазкур тартибни янала соддалаштиришга оид фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, бевосита судьяларнинг ўзи томонидан Конституциявий судга ушбу масалада ёзма мурожаат қилиш ваколатининг берилиши орқали, биринчидан, ҳуқуқий амалиётни қўлловчи судлар ва Конституциявий суд ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот пайдо бўлади, иккинчидан, суд ишларини тўхтатиб туриш муддатлари қисқаришига эришилиши фикри илгари сурилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, республикамизда Конституциявий назоратнинг норматив-ҳуқуқий ва институционал асослари тадрижий равишда ривожланиб бормоқда.
Шу билан биргаликда, бу борада Конституциявий суднинг айрим ваколатларини қонун даражасида такомиллаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадга эришиш учун эса қуйидагилар таклиф қилинади:

Биринчидан, Конституциявий суднинг “аниқлаш” ваколатини Конституциямизнинг 133-моддаси биринчи қисми 1-2-бандларида ва Қонуннинг 4-моддаси 1-2-бандларида “ҳал қилиш” тарзида баён қилиш орқали мазкур суднинг конституциявий тартибни, қонун устуворлигини таъминлашдаги таъсирчанлигини янада ошириш мумкин бўлади.

Иккинчидан, суд(ья)ларнинг муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки улардаги нормаларнинг конституцияга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги бўйича Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилишнинг ҳуқуқий имкониятларини яратиш. 

Нурмуҳаммадхон АБУЛСАИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси 
иқтисодий ҳуқуқ йўналиши тингловчиси.
ЎзА