Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотларда ёшлар фаоллик кўрсатмоқда
14:20 / 2022-07-26

Бугунги кунда жойларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамалари қизғин руҳда кечмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида ўтказилган “Конституция – инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий давлат кафолати” мавзусидаги очиқ мулоқот ҳам иштирокчиларнинг фаоллиги остида ўтди.  

Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий кенгаши масъул ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва фаол ёшлар иштирок этиб, бугунги кунда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Ўзбекистон — ижтимоий давлат”, деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрланиши кўзда тутилмоқда. Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.  

Бундан ташқари, учрашувда Конституцияда аҳолига тиббий ва ижтимоий хизматларнинг акс эттиши, инсон қадрини улуғлаш, инсон ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлаш бўйича белгиланаётган меъёрлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Иштирокчилар ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилиб, қатор жўяли таклифлар бердилар. 

—  Бугун Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин кечаётганини бутун халқимизнинг фаоллигида кўриш мумкин, — дейди ЎзХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Тўлқин Тўрахонов. — Жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари жараёнларда фаол иштирок этиб, қонун лойиҳасига таклифлар билдирмоқда. Бугунги учрашув давомида эътиборимизни тортган жиҳатлардан бири ҳам ёш курсантлар ушбу сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслиги бўлди. Улар ўзларининг ўринли таклифларини билдириб, саволларини беришмоқда. Қонун устувор бўлган юртда ривожланиш бўлишини қайд этишмоқда. Демак, жамиятимиз ёшлари мамлакатимизнинг бугунги ва эртаси ҳақида қайғуряпти. 

Учрашув давомида билдирилган таклифлар қайд этиб олинди. Ёшларнинг мазкур сиёсий жараёнлардаги янада фаол иштироки ўз келажаги учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА