Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотларда инсон қадри ва ҳуқуқларига устуворлик берилади
11:37 / 2022-07-21

Муносабат

«Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин». Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 2022 йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда худди шундай деб таъкидлади.

Президент даставвал ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилиш ҳамда конституциявий ислоҳотларни ўтказиш зарурати ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда инсоннинг юксак ўрни ва қадрини, мамлакат учун қандай қадрият ва манфаатлар устувор аҳамиятга эга эканлигини «Конституцияда акс эттириш – давр тақозосидир».

Ўзбекистон Президенти амалдаги Конституциянинг аҳамияти ва шу давргача бўлган ислоҳотларда у мустаҳкам ҳуқуқий ҳужжат бўлганини таъкидлаб, янгиланган Конституция мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлиги, айниқса, «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятга айлантириш зарурлигини қайд этди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон раҳбари жамият ва давлат ривожи учун, айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш заруратига алоҳида тўхталиб ўтиб, ушбу ўзгаришлар жараёнида аҳамият қаратиш лозим бўлган долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, Президент, аввало инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласига оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланиши лозимлигини билдирди. Шундан келиб чиқиб барпо этилаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун бўлиши аниқ кўрсатиб берилди. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатан давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шартлигини белгилаш таклифи билдирилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ислоҳотлар самараси ўлароқ, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Уларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият вакиллари кўриб, билиб турибди ва ўзларининг ижобий баҳоларини бериб боришмоқда. Халқ билан мулоқот тизимининг йўлга қўйилганлиги, мантиқсиз «прописка» тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, давлат хизматларини кўрсатишда экстерриториаллик принципининг жорий этилганлиги, мансабдорларнинг доимий ҳисобот бериб бориши, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган талаблар белгиланганлиги, мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган ҳурмат янги босқичга кўтарилганлиги, аҳолининг қанчадан-қанча мушкули осонлашгани каби бир қатор мисоллар шулар жумласидандир.

Келгуси ислоҳотларда эса мана шу эришилган натижаларни янада юксалтириш, инсон учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган. Зеро, йиғилишда таъкидланганидек, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг ўзида ушбу мақсадларга эришиш йўлида қанчадан-қанча аниқ мақсадлар қўйилганлиги ва уларнинг ижро этиб борилиши халқ назорати остида эканлигини яққол кўришимиз мумкин. 

 

Йиғилишда Ўзбекистон Президенти барчанинг эътиборини амалиётда учраб турган инсон қадри ва ҳуқуқларининг поймол этилишига қаратиб, ушбу масала ҳам конституцион даражада белгиланиши шартлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу – ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга эканлигига изоҳ берилмаётганидир. Бунда гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолмоқда. Аслида эса кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган «Миранда қоидаси»га кўра, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани тушунтирилиши лозим. «Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман», дея таъкидлаб ўтди Президент.

Шу боисдан ҳам давлат раҳбари томонидан «Миранда қоидаси»ни қўллаш лозимлиги таклифи билдирилди.

Миранда қоидаси (ингл. Miranda warning) – ушлаш жараёнида ушланувчи ўзининг ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантирилиши, уни ушлаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими эса, унга айтилаётганларни тушунаётганлиги ҳақидаги саволга ижобий жавобни олиши кераклиги ҳақидаги юридик талаб. Ҳуқуқларни қайси сўзлар билан тушунтириш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатли ходимларининг ихтиёрида бўлади. Энг оммалашган формулировка қуйидагича:

«Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтган ҳар қандай нарса судда сизга қарши ишлатилиши мумкин. Сўроқ жараёнида сизнинг адвокатингиз иштирок этиши мумкин. Агар сиз адвокат хизмати учун пул тўлай олмасангиз, у сизга давлат томонидан тақдим этилади. Сиз ўз ҳуқуқларингизни тушундингизми?».

Шунингдек, шахс суд қарорига қадар кўпи билан 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслигига тўхталиб ўтилди. Президент таъкидлаганидек, «Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак. Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур». Албатта, бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият, деган эзгу тамойилга тўла мос келади.

Таъкидлаш жоизки, ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Айнан ушбу одиллик принципи қонунчилигимизда кўзда тутилган.

Шу пайтга қадар амалиётда бир жиноят учун нафақат жиноятни содир қилган шахс, балки унинг авлоди ҳам ушбу ҳолнинг турли босқичларида жабрини тортиб келган. Жумладан, ушбу шахснинг оила аъзолари давлат ташкилотларининг турли лавозимларида фаолият юритиши чекланиб, уларнинг давлатга хизмат қилишда ўз қобилиятларини тўлиқ намоён қилишга имкони бўлмаган. Шу боисдан ҳам Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотлар натижасида ушбу масала ҳам ислоҳ қилина бошланди. Йиғилишда давлат раҳбари томонидан «Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак?» деган савол ўртага ташланди. Энди бундай адолатсиз «тизим»дан буткул воз кечиш даркорлиги таъкидлаб ўтилди. Конституциямизда «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деб қатъий ёзиб қўйилиши зарурлиги эътироф этилди. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш жамият тараққиётининг асосий ва бош масалаларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бўлиб, у давлатнинг қай даражада ривожланганини кўрсатувчи ўзига хос мезондир. Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу ҳам давлатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий тизимининг устувор йўналиши ва мақсадидир. 

Шунингдек, йиғилишда такомиллаштирилаётган Конституцияда «маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак», деган норманинг акс этиши зарурлиги эътироф этилди.

Президент Бош қонунимизда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, барча фуқароларга мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши кераклигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтди.

 

Элдор ТУЛЯКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

ижрочи директори.

ЎзА