Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида оилавий муносабатлар масаласи
12:31 / 2023-03-25

Жамиятда оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса саналсада, жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсирида ўзгариб боради.

Мамлакатимизда оила масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралади. Буни, бош қомусимиз бўлмиш - Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оилага алоҳида (XIV боб. Оила) боб ажратилганида ҳам кўриш мумкин. Жаҳонда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан фарқли ўлароқ кўплаб давлатлар ўз конституцияларида оила масаласига қисман ўрин ажратган бўлсада, унга алоҳида боб ажратилгани бугунги кунгача тажрибада кузатилмаган. Мазкур ёндашувнинг ўзи Конституциямиз (63-модда)да оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси ҳамда “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” бежиз берилмаганини кўрсатади.

Оила масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яна бир ўзига хос жиҳати, унда оилавий муносабатлар, яъни ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томон манфаат ва мажбуриятларини инобатга олинганидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” дейилса, 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилади.  

Конституциямизда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига бежиз тенг равишда эътибор қаратилмаган. Чунки, бундан қарийб йигирма етти аср олдин яшаган юнон олими Платон (м.а. 428-347) ҳам ўзининг “Қонунлар” асарида мазкур муаммога эътибор қаратган холда “офат, бало фақат ярим бўлса, - масалан, қачонки ота ёмон эмас, ўғил эса ёмон ёки аксинча бўлса, - у ҳолда катта бахтсизликлар рўй бермайди” дея, оилавий муносабатларда “бутун бало, офат” яъни, ҳар икки томон ҳам ўз мажбуриятларини тенг равишда бажармаслиги ўта хавфли эканига урғу беради.

Юқорида айтилганидек, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64- ва 66-моддаларида ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига тенг равишда эътибор қаратилиш орқали ўз ечимини топган. Ушбу ёндашувни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларида акс этиши Конститутция қабул қилинган санадан бошлаб ота-она ва фарзандлар ўртасидаги мажбуриятлар ахлоқий нормалар доирасидан чиқиб, Конституциявий мажбуриятга айланганидан далолат беради. Бу холат муҳтож ва меҳнатга лаёқатсиз ота-оналар ғамҳўрлик қилмагани учун фарзандлардан алимент ундириш ва айни вақтда фарзандлар ҳам (вояга еткунларига қадар) ота-оналаридан алимент олиш  учун судга даъво аризаси билан мурожаат этишлари мумкинлигини билдиради.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳасининг XIV бобнинг мазмуни янада кенгайтирилган ҳолда “Оила, болалар ва ёшлар” дея номланаётгани диққатга сазовордир.

Мазкур бобда эндиликда 76-80-моддалар орқали амалдаги моддалар мазмунига қўшимча равишда  

“Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади” (76-модда);

“Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради” (77-модда);

“Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир” (78-модда);

“Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади” (78-модда);

“Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади” (78-модда) мазмунлари киритилмоқда.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси оилани жамият ва давлат муҳофазасига олган камёб конституциялардан бири ҳисобланади. Буни оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси, “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” берилганида, оилавий муносабатларда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ижтимоий адолати таъминлагани ва бошқа кўплаб имкониятлар берилганида кўриш мумкин.  

Ижтимоий ҳаёт изчил ва тўхтовсиз ривожланишда давом этади. Мазкур жараёнда ҳар бир миллат ўз тараққиёти асосларини сақлаши, уларни янги даврда пайдо бўлаётган муаммо ва таҳдидлардан муҳофаза қилиши табиий жараён бўлиб, мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам мазкур жараённинг бир қисми ҳисобланади.

 

Маматкулов Давлатжон Махаматжонович

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавсизлиги университети доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент