Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар – янгиланаётган  жамият талаби
20:15 / 2023-04-18

Бугун мамлакатимиз ташқи ва ички ҳаётига оид муҳим ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Янгиланаётган Ўзбекистонда фаровон турмуш тарзини яратишга олиб келадиган “Инсон қадри учун” шиори остидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланган.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини ошириш кўп жиҳатдан янгиланишларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, жамият ва давлат бошқаруви соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Албатта, ўз юрти, давлати келажагига бефарқ бўлмаган, катта ишларга ўз ҳиссамни қўшаман, деб ният қилган ҳар бир фуқаронинг қалбига бу каби жараёнларни кузатиш, уларда бевосита иштирок этиш ўзгача ғурур ҳиссини бағишлаши табиий.

Маълумки, жамият ҳаётига оид муҳим масалалар юзасидан ўзгаришлар қилишдан олдин халқ фикрини сўраш демократиянинг муҳим белгиларидан биридир. Доно халқимизда “Кенгашли тўй тарқамас” деган нақл бор. Турли соҳалардаги халқ вакилларининг билдирган фикрлари асосида шакллантирилган қонунларнинг эса “умри узоқ” бўлади. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганда ҳам айнан юқорида айтиб ўтилган нақлга амалга қилинган. Қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрири 6 бўлим, 155 моддани ташкил этди.

Авваламбор, Асосий қонунга ўзгатириш ёки қўшимча киритиш масаласи анчайин мураккаб ва кўп босқичли жараён эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Шу сабабли бу каби кенгқамровли масалаларни режалаштиришда ва амалга оширишда шошма-шошарликка йўл қўйилмагани таҳсинга лойиқ. Қонун лойиҳасини тайёрлашда бошқа ижтимоий-сиёсий тузилмалар қаторида, авваломбор, фуқароларимиз томонидан билдирилган фикрлар асосий ўрин тутди. Халқимиз ўзининг ҳаёти ва тақдирига бевосита дахл қилувчи масалалар юзасидан фақатгина ўзи қарор қабул қилиши мумкинлигини англади. Хусусан, юқоридаги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун 2022 йил 25 июнь куни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида, шу билан бирга “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинди. 

Фуқаролар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижтимоий тармоқлар орқали беришлари ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига юборишлари ёки бевосита ташриф буюрган ҳолда тақдим этишлари мумкин бўлди. Сўнгра, ташаббусларга хайрихоҳлик кўрсатилиб, умумхалқ муҳокамаси кетма-кет узайтирилди. Муҳокамалар давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Бунда ҳар бир инсонга ўз фикрини эркин билдириши учун имкон берилгани, таклифларнинг фуқаролардан ҳеч қандай тўсиқларсиз, ортиқча расмиятчиликларсиз тўғридан-тўғри қабул қилингани таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, унинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиши, амалдаги 128 та моддадан 91 тасига ўзгартиришлар киритилиши белгиланмоқда. Амалга оширилаётган ишларнинг қонунийлигига ҳам ҳуқуқий баҳо бирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди алоҳида тинглов ўтказиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилишнинг қонунда белгиланган тартибига риоя этилган, деган хулосага келди.

Кўпчилик мутахассислар Конституция лойиҳаси Референдум ўтказиш орқали умумий овозга қўйилаётганини алоҳида эътироф этмоқда. Бундан англаш мумкинки, янги Конституциямизнинг ягона ижодкори сўзсиз халқимиз бўлади.

Конституция лойиҳасидан ҳаётимизни яхшилашга хизмат қиладиган қандай нормалар ва қоидалар жой олгани кўпчиликни қизиқтиради. Шу сабабли айрим янгиликларга тўхталиб ўтамиз. Конституциявий қонун лойиҳасининг 1-моддаси, 1-бандида “Ўзбекистон – бошқарувнинг  республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги белгиланмоқда. Илгари бу каби қоида Конституциямизда мавжуд бўлмаган эди. Яна Ўзбекистон “ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги кўрсатилмоқда. Яъни, эндиликда мазкур нормалар талабларидан келиб чиқиб, барча ислоҳотларда инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлади ва давлат фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятларини бирор-бир шартларсиз бажариш мажбуриятини зиммасига олади.

Конституциявий Қонун лойиҳасининг 15-моддаси 2-қисмида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деган норманинг белгиланаётгани ҳуқуқни амалда қўлловчилар учун кутилган янгилик бўлиб, Асосий қонун нормаларининг жамият ҳаётига янада кенгроқ ва чуқурроқ кириб боришига имкон яратади.

Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид нормалар салмоғи сезиларли даражада кўпайган бўлиб, улар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига тўла мос келади. Жумладан, лойиҳадаги 27-модда “Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган муҳим нормаларни акс эттирмоқда.

Яна “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”, деган қоиданинг Конституция лойиҳасидаги 28-моддада ўз аксини топгани, айрим фуқароларимизни узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган муаммоли масалаларга ечим бўлиши кутилмоқда.

Суд ҳокимиятига оид бир қатор янги нормаларнинг Конституциявий қонун лойиҳасидан муҳим ўрин олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, қонун лойиҳасидаги 130-моддага кўра, “Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади”.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беришга ваколатли эканлиги ўрин олмоқда.

Бундан ташқари, Қонун лойиҳасининг 134-моддаси “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас”, деган янги норма билан тўлдирилган.

Кутилаётган муҳим ўзгаришлардан яна бири – бу Қонун лойиҳасининг 141- ва 142-моддаларида адвокатура институтининг алоҳида акс эттирилишидир. Бу ҳолат Конституциямизда илгари мавжуд бўлмаган. Энди адвокатуранинг мақоми суд ва прокуратуранинг мақоми каби мустаҳкам қайд этилмоқда. Бу эса келгусида ушбу соҳанинг янада такомиллашувига ва шахснинг процессуал ҳимоя чоралари кучайтирилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши аниқ.

Айтиш мумкинки, 2023 йилнинг 30 апрель санасида бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этар эканлар, фуқароларимиз жонажон Ватанимизнинг ёрқин келажаги ва фаровон ҳаёти учун яна бир улкан қадамни ташлаган бўладилар.

У.Шокиров,
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси,

Д.Тўрабеков, 

Судья катта ёрдамчиси