Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар: Янгиланаётган Ўзбекистон ҳуқуқий қиёфаси
11:59 / 2025-12-04

Бугунги Ўзбекистон туб ислоҳотлар, очиқлик ва шаффофлик сари дадил қадам ташлаётган янги тараққиёт босқичига кириб келмоқда. Бу жараёнда Конституция – давлат ва жамият ҳаётини тартибга солувчи энг олий ҳуқуқий ҳужжат сифатида муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда. Конституциявий ислоҳотлар эса фақат ҳуқуқий меъёрларни янгилаш эмас, балки инсон қадрини юксалтириш, адолатли жамият барпо этиш ва демократик тамойилларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим бурилиш нуқтаси.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган бўлиб, у давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, халқ ҳокимиятчилиги ва инсон ҳуқуқларининг умумий принциплари мустаҳкамланган асосий манба вазифасини бажарди. Бироқ, замон ўзгариб, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ривожланар экан, ҳуқуқий тизим ҳам мазмунан янгиланишни талаб қилди. Шу нуқтаи назардан, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жамият эҳтиёжлари билан уйғунлашган ҳолда шаклланди.

Конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада кучлироқ ҳимоялаш. “Инсон қадри учун” деган ғоя Конституция матнида ҳам, амалий ҳаётда ҳам устувор тамойил сифатида мустаҳкамланмоқда. Бу эса давлат органлари фаолиятида инсон манфаатлари бирламчи ўринда туришини англатади. Адолатли суд ҳокимияти, мустақил адвокатура, эркин оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролик жамияти айнан конституциявий кафолатлар асосида ривожланмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат бошқаруви ва ваколатлар тақсимоти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимиятлар бўлиниши принципи мустаҳкамланиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасидаги мувозанат янада аниқроқ белгиланмоқда. Бу ҳолат давлат бошқарувида самарадорликни оширади, мансаб ваколатларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олади, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Конституциявий ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати – ижтимоий давлат тамойилининг мустаҳкамланиши. Таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш, муносиб турмуш кечириш ҳуқуқлари давлат кафолати остида экани аниқ ва равшан ифодаланган. Бу эса ижтимоий адолат, тенглик ва имкониятлар мувозанатини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам. Айниқса, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланди.

Муҳими шундаки, конституциявий ўзгаришлар халқ иродасига таянган ҳолда амалга оширилди. Умумхалқ муҳокамалари, турли таклифлар, фикр ва мулоҳазалар асосида шаклланган янги таҳрир жамиятнинг фаол иштирокини намоён этди. Бу жараён фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, Конституцияга нисбатан ҳурмат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.

Хулоса қилиб айтганда, конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий майдондаги янгиланган қиёфасини намоён этмоқда. У нафақат ҳозирги авлод, балки келажак истиқболини ҳам белгилаб берувчи мустаҳкам пойдевордир. Янги Конституция — эркин, адолатли, ҳуқуқий ва демократик жамият сари туташ йўлнинг мукаммал харитаси. Бу йўл эса фақат қонунлар билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг онгли иштироки, ватанпарварлиги ва фуқаролик масъулияти билан янада ёрқинлашади.

Асқар РАСУЛОВ,

ЎзДЖТСУ Ижтимоий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси

ЎзА