Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар – янги давр талаби
09:26 / 2022-06-10

Мамлакатимиз барча соҳада тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди.

Туб бурилишлар даври ўз навбатида нафақат амалдаги қонунчилик, балки мамлакат Конституциясини ҳам ислоҳ қилиш, янги давр мақсадларини унда тўлиқ акс эттириш вазифасини кун тартибига қўймоқда. Айни шу маънода Конституциявий ислоҳотни бугунги давр тақозоси ва талаби, деб айтиш мумкин.

Қолаверса, амалдаги Конституцияни ислоҳ қилиш фикри ва ғояси бирданига пайдо бўлгани йўқ. Давлатимиз раҳбари Президентлик сайловидан сўнг Сенат биносида бўлиб ўтган инаугурацияда қилган нутқи, Конституциянинг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табриги, қолаверса, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” номли фундаментал асарида конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. 

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари амалдаги Конституция ҳозирги кун талабларига жавоб бериши, унда ёшлар масалалари билан боғлиқ талай ҳуқуқлар акс этиши мақсадида аниқ таклифлар устида иш олиб бормоқда.

Конституцияда ёшлар ҳуқуқлари ҳам  ҳар томонлама мустаҳкамланиши зарур. Давлатимиз раҳбари БМТнинг дунёдаги 2 миллиарддан ортиқ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича дунё ҳамжамиятига қилган мурожаати ва ташаббусини жаҳон ҳамжамияти ва ёшлари қўллаб-қувватламоқда.

Конституцияда оналик ва болалик, хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқлари мустаҳкамланган, аммо ёшлар ҳуқуқларига етарлича эътибор қаратилмаган.  

Мамлакатимиз Конституциясининг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади” дейилган. Мана шу моддада фақат мажбурий меҳнат эмас, балки болалар меҳнатини ҳам тақиқлаш лозимлиги тўлиқ акс этиши керак.

Оила институти фуқаролик жамиятининг асосий омилларидан бири саналади. Шу боис Конституцияда оила институтига алоҳида боб ажратилган. Конституциянинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” дейилган. Бу ерда томонларнинг ибораси ўрнига “аёл ва эркакнинг ихтиёрий хоҳишига асосланган иттифоқ” деб аниқ-тиниқ ёзилиши керак.

Конституциянинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дейилган. Ушбу моддага таълимнинг барча шакли - МТМ, мактаб, мактабдан ташқари, олий, олий таълимдан кейинги таълим киритилиши керак.

Конституциянинг 65-моддасида “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик  ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” дейилган. Ушбу моддага оталик ҳам давлат ҳимоясида экани киритилиши лозим.

Севара Маҳмудова, 

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги  

Ёшлар парламенти раиси ўринбосари

ЎзА