Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар ва амалий қадамлар
18:22 / 2026-02-03

Муносабат

Юртимизда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни дастур вазифасини бажармоқда.

Қонун Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилган бўлиб, маҳаллий ҳокимият органларининг самарадорлигини ошириш, ваколатларни аниқ тақсимлаш ва аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнидаги ролини кучайтиришга қаратилган. Ушбу ҳужжат давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг мантиқий давоми ҳисобланади. 

Янгиланган Конституциямизда маҳаллий ҳокимиятга оид янги ёндашувлар белгилангани сабабли, амалдаги қонунчиликни мослаштириш зарурати юзага келди. Қонун маҳаллий давлат ҳокимиятининг янги моделини, яъни ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосланган тизимни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Бу моделда вакиллик ҳокимияти (халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари) ва ижро этувчи ҳокимият (ҳокимликлар) ўртасидаги ваколатлар аниқ ажратилади, уларнинг бир шахс ёки институтда жамланишига йўл қўйилмайди. 

Бундай ўзгаришлар турли соҳаларни қамраб олган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида қайта тақсимлайди. Жумладан, асосий ўзгаришларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин. 

Экология ва табиатдан фойдаланиш соҳасида маҳаллий ижро этувчи органлар минтақа экология дастурларини ишлаб чиқади, вакиллик органлари уларни тасдиқлайди ва назорат қилади. Ваколатлар аниқ ажратилиб, атроф-муҳитга зарар етказадиган объектлар фаолиятини тўхтатиш тартиби суд орқали амалга оширилади. 

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида маҳаллий органлар соғлиқни сақлаш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, вакиллик органлари назорат қилади. Иқтисодиёт ва мулк ҳуқуқи соҳасида маҳаллий аҳамиятга эга мулкни бошқариш, тўловга қобилиятсизлик ва кадастрлар бўйича ваколатлар аниқланган, давлат мулкини ижарага бериш тартиби янгиланган. 

Таълим, илм ва маданият соҳасида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва назорат қилиш ваколатлари тақсимланган, илм-фан ва маданият мероси муҳофазасида маҳаллий органлар роли оширилган. Бундан ташқари фавқулодда вазиятлар, архив иши, туризм ва инновацияларда ваколатлар мувозанатли тақсимланиб, маҳаллий органларнинг ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш роли кучайтирилган. 

Қонунда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари кўп ҳолларда “ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” билан чекланган бўлса, вакиллик органлари “тасдиқлаш ва назорат” функцияларига эга. Хусусан, “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари” ўрнига “маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари” ва “маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари” ифодалари ишлатилмоқда. 

Конституциямизнинг 120-моддасига асосан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Ушбу норма туман (шаҳар) даражасида 2026 йил 1 январдан амал қила бошлади. Шу муносабат билан 2025 йил 29-30 декабрь кунлари мамлакат бўйлаб 208 та туман ва шаҳарда халқ депутатлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари ўтказилди. Сессияларда раислар очиқ ва шаффоф тартибда сайланди.

Мамлакатимизнинг демократик ривожланишида муҳим қадам саналган ислоҳотлар энг, аввало, ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимларини ажратиш ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини маҳаллий даражада амалга ошириш билан бир қаторда, марказлашган бошқарувдан мувозанатли ва очиқ тизимга ўтишни таъминлайди. 

2025 йил 23 июнда қабул қилинган Президент фармонига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, унда Кенгашларнинг назорат роли кучайтирилган. Бу концепцияда 33 та вазифа, жумладан, бюджетни режалаштириш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги ваколатлар белгиланган. Умуман олганда, депутатларнинг роли ошиб, маҳаллий масалаларда сайловчиларнинг овози эшитилишига замин ҳозирланди. 

Ислоҳотнинг муваффақияти кечиши мазкур жараёнда ҳокимликларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, Кенгашларнинг мустақиллигини сақлаш ва аҳолининг фаол иштирокини рағбатлантириш муҳимдир. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ўз ваколатларини тўлиқ бажариш учун мустақил ва профессионал бўлиши лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳот маҳаллий давлат ҳокимиятининг самарали ва очиқ тизимини яратишга хизмат қилади, вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ваколатлар тақсимоти мамлакатда демократик жараёнларни мустаҳкамлайди. 

Мақсад Исабоев,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси,

сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

ЎзА.