Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар: тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши мумкин
18:24 / 2023-03-06

Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ўз мазмун-моҳияти билан «инсон – жамият – давлат» деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш доирасида 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган. Турли йўналишдаги ушбу таклиф ва мулоҳазалар ишчи гуруҳи ҳамда экспертлар томонидан ўрганилиб, муайян талаблар асосида саралаб олиш ишлари давом эттирилмоқда.

Янгиланаётган Конституция лойиҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган нормалар ўз аксини топган. Унга кўра, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга ошириши мумкин. Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши бўйича давлатнинг мажбуриятлари белгиланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектлари сони ортди. Жумладан, 2016 йилга нисбатан кичик бизнес тадбиркорлари сони 2,5 баробар ошди. Турли йўналишларда фаолият олиб борувчи ишбилармон доира вакиллари учун солиқ имтиёзлари, преференция ва имтиёзли кредитлар тақдим этилаётгани уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермоқда.

Янгиланаётган Конституциямиз билан барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши кафолатланиши ҳамда қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишлари учун имкон яратилиши тадбиркорларга катта мадад бўлади. Уларга ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашишда қулайлик яратади.

М.Комилова, ЎзА