Бухорода “Конституциявий ислоҳот устуворликлари: Ўзбекистон – ижтимоий давлат” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходимлари ва вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, республика давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, илмий ва таълим муассасалари экспертлари қатнашди.
Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан аҳолига давлатимизнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгарувчан ролини, унинг ижтимоий соҳани бошқаришдаги вазифалари ва масъулиятини тушунтириш, шунингдек, ижтимоий давлатнинг ўзбек моделини, унинг шаклланиши ва кейинги ривожланиш хусусиятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинганини таъкидлади.
–Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлашни таклиф этаман. Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу ғоянинг туб негизида ҳам аввало, инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассамдир”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон шароитида янгиланаётган Конституциямизнинг энг муҳим жиҳатлари инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришлар билан муҳим аҳамиятга эга. Бу борада янгилаётган Конституциямизда ижтимоий давлат тамойилига оид нормаларни янада мустаҳкамланиши, хусусан, сифатли таълим ва тиббий хизмат, фуқароларимизнинг ижтимоий эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи тизимини яратиш, ишсизликдан ҳимояланиш, уй-жойга эга бўлишга қаратилган қоидаларни янада такомиллаштирилиши билан боғлиқдир. Бутун республикада бўлгани каби биз ҳам Бухоро вилоятида ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича улкан марраларни белгилаб олганмиз, – деди Ботир Зарипов.
–Янгиланган Конституцияга кўра, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”дир. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланади, – дейди давра суҳбати модератори, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обил Ҳакимов. – Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидан дадил кетаётганини ҳисобга олиб, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили конституциявий норма сифатида белгиланмоқда.
Давра суҳбатида “Ижтимоий давлатнинг конституциявий асослари”, “Камбағалликни қисқартириш – ижтимоий давлатнинг асосий устувор йўналишларидан биридир”, “Мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантиришнинг конституциявий асослари”, “Малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг конституциявий кафолатларини такомиллаштириш”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда Интернет тармоғидан фойдаланиш масаласи тўғрисида”, “Ёшлар ҳуқуқларини ривожлантириш ва таъминлаш – давлат ижтимоий сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида” мавзуларида маърузалари тингланди.
Конституцияга киритилган ўзгартишлар, аввало, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари ижтимоий давлат Ўзбекистон учун энг мақбул давлат эканлигини, унинг вазифаси инсон учун муносиб турмуш шароитини яратиш, бунда фуқаролар ва умуман халқнинг манфаатлари ва эҳтиёжлари жамият ҳаётини ўзгартиришда асосий устувор вазифа эканлигини таъкидлашди.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш ва бу мақомни Конституцияда мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.Конституциянинг янги таҳриридаги таклиф этилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар ижтимоий давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида соғлиқни сақлашни ривожлантириш босқичлари, мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг конституциявий асослари, Конституцияда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, конституциявий ислоҳотлардан кутиш ва давлат олдида турган узоқ муддатли вазифаларни муҳокама қилди.
[gallery-11223]
Энг муҳим таклифлар қаторида ушбу конституциявий норманинг мустаҳкамланиши давлат ва жамият олдига ҳали бажарилиши керак бўлган жиддий вазифаларни қўяётганига эътибор қаратилди.
Иштирокчилар учрашув якунларини сарҳисоб қилар экан, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг бўлажак референдумда конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши мамлакатимиз учун энг муҳим сиёсий воқеа бўлишини таъкидлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА