“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини халқимиз, жамоатчилигимиз билан кенг муҳокама қилиш Бош қомусимизнинг пишиқ-пухта, янада халқчил, том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига хизмат қилади.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар энг аввало, “Инсон қадри учун”, деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиради.
Шуни айтмоқчиманки, Конститутцияда экологик – ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши бизни янада бу соҳада масъулият билан ёндашиш кучини беради. Биринчидан, бугун нафақат мамлакатимиз, балки дунё ҳамжамияти иқлим ўзгариши, чиқинди, дарахтлар кесилиши муаммолари билан тўқнаш келмоқда. Конститутциямизда экологияга бағишланган нормаларнинг акс эттирилишини тўлиқ қўллаб – қувватлайман. Инсоннинг нафақат яшаш ҳуқуқи, балки тўлақонли ва соғлом турмуш кечириши учун зарур мўътадил атроф – муҳит шароитларига ҳам бўлган ҳуқуқлари муқаддас ва дахлсиз бўлиши лозим.
Иккинчидан, Ўзбекистон сўнги йилларда халқаро экология муносабатларини тартибга солувчи кўплаб конвенция ва келишувларни имзолади. Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича кенг ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу муаммо Президентимиз томонидан БМТ даражасигача олиб чиқилди. Экология масалаларининг Конститутцияда ўз ифодасини топиши ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенг миқёсида давом эттирилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бугунги кунда, “Экологик маданият” тушунчаси ҳар бир кишининг онгига сингиб бормоқда. Хусусан ҳар куни газета саҳифаларида, радио ва телекўрсатувларда ҳозирги шароитдаги экологик муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Табиат билан инсон ўртасидаги уйғунликни таъминлашда экологик таълим–тарбиянинг роли ниҳоятда катта. Бу ўз навбатида баркамол инсоннинг шаклланишида пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бугунги муҳим жараёнда сиёсий партияларнинг ҳам иштироки юқори бўлди. Бундан ташқари, Конституциявий комиссия аъзолари, депутатлар ва сенаторлар томонидан ҳудудларда қатор учрашувлар ташкил этилди, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб борилди. Бундай учрашувлар давомида конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди, Конституциявий комиссияга таклифларни юбориш механизмлари фуқароларга тушунтирилди.
Умуман олганда, мазкур таклифларнинг таҳлили кенг жамоатчиликнинг, бутун халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганини ва конституциявий ислоҳотларни ҳар томонлама, якдиллик билан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда. Чунки, ҳар бир инсон Менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолари ечимини унда кўриши муҳим.
Зеро, юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири Сиз ва Бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Маҳбуба Иномова,
Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти
Учқўрғон тумани кенгаши раиси.