Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар cуд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда
14:06 / 2024-08-26

Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда барча ташкилот ва идораларда, жамоаларда ушбу айём муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Мустақиллик йилларида парламент ва суд ҳокимиятининг ўзаро ҳамкорлиги» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.  

Таъкидланганидек, cуд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.  

– Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида «Хабеас корпуси» институти кенгайтирилиб, тергов устидан суд назорати янада кучайтирилди.  

Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди, – деди депутат Д.Исмоилов.  

Тадбирда депутат Даврон Арипов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2010-2014 йилларда Олий суд томонидан 7 та, Олий хўжалик суди томонидан 4 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган бўлса, 2015-2019 йилларда ушбу кўрсаткич 40 тани, 2020 йилдан 2024 йилнинг ярим йиллиги якунига кўра 35 тани ташкил қилган. Шунингдек, Олий суднинг судьялари ва ходимлари Қонунчилик палатасининг сиёсий партиялари фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар томонидан ўтказилган 100 дан ортиқ учрашув, конференция, семинарлар, давра суҳбатлари ва қонун лойиҳаларининг муҳокамаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланмоқда.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА