French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳотлар – бугунги кун талаби, эртанинг кафолати
13:12 / 2023-03-30

Конституция давлат ва халқ тақдирини белгилаб берадиган энг муҳим қонун ҳужжатидир. Шу боис ҳам янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини, унда ўз аксини топаётган янгилик ва ўзгаришларни аҳолига кенг тушунтириш бўйича тарғибот ишлари қизғин равишда олиб борилмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида «Конституциявий ислоҳотлар – бугунги кун талаби, эртанинг кафолати» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова иштирок этиб, Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берди.

– Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси жамиятимизнинг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий заруратдир. Конституциявий ислоҳотлар мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олиш учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Янгиланаётган Бош Қомусимизда ёшлар масаласига оид нормалар алоҳида бобда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, янгиланаётган Конституциямизга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан далолатдир, – деди депутат.

Семинарда талаба-ёшлар ҳам сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, бу борада Конституциявий қонун лойиҳасида акс этаётган ўзгаришлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, депутат Пискент туман ҳокимлигида ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари иштирокидаги тадбирда ҳам қатнашиб, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси аҳамиятини тушунтирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Ақшагул Тулегенова эса Навоий вилояти Конимех туманида бўлиб, аҳоли вакилларига янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Янгиланаётган Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштиради, зеро, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинган. Бош Қомусимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олиши белгиланмоқда, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошаяпти. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш ва бугунги кун талабларига мослаштириш масалалари ҳам ўрин олган. Жумладан, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда, – деди депутат.

Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА