Бугунги кунда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар "Жамият – ислоҳотлар ташаббускори" деган эзгу ғоя асосида олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги кенгашлари ва бошланғич ташкилотларида тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиб, таклифлар олиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Ўзбекистон ХДП марказий кенгашида Конституциявий ислоҳотлар бўйича тузилган партия ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Конституциявий ислоҳотларга бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар ва келиб тушаётган таклифлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур жараёнда фаол иштирок этиш мақсадида партиянинг 1500 дан ортиқ маҳаллий Кенгаш депутатлари, 10 мингга яқин бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирокида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган турли тарғибот тадбирлари ўтказилган. Мазкур тадбирларни ўтказишда турли соҳа ва тармоқларни қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, партия фаоллари турли корхоналарда, нодавлат нотижорат ташкилотларида, маҳаллаларда, тиббиёт ва таълим муассасаларида, хизмат кўрсатиш объектларида ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва халқ вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этмоқда.
Хусусан, "Менинг Конституциям", "Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш" ҳамда "Конституциявий ислоҳотларда менинг ҳиссам" каби мавзу ва шиорлар асосида айни кунга қадар 600дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган.
Ишчи гуруҳ йиғилиши аъзоларининг таъкидлашича, таклифларни олиш жараёнлари бир неча босқичларда амалга оширилмоқда.
Анъанавий шакл – фуқароларга таклифларни партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларига оғзаки ёки ёзма шаклда бериш, почта алоқаси орқали йўллаш, телефон рақамлари орқали таклиф билдириш имконияти яратилиши билан бирга Telegram мессенжеридаги «XDP_konstitutsiya_bot» номли махсус бот ҳам ишга туширилди. Фуқаролардан келаётган таклифларни қабул қилиш, ўрганиш, умумлаштириш кенг қамровда ва тизимли ташкил этилмоқда. Келиб тушаётган таклифлар Конституциянинг моддалари, боблари, бўлимлари бўйича таснифланмоқда.
Эътиборлиси, аҳоли томонидан келиб тушган таклифларнинг салмоқли қисмини шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир таклифлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган нормаларни акс эттириш билан боғлиқ таклифлар ҳам бор.
Бугунги кунга қадар Халқ демократик партияси тизимидаги Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Ишчи гуруҳларига 1548 та таклиф келиб тушди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирга қадар Ишчи гуруҳга таклифларни йўллаш борасида Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги фуқаролар бошқа ҳудудларга нисбатан фаол иштирок этмоқда.
Ишчи гуруҳ йиғилишида Конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам тақдим этилди. Мазкур жараёнлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА