Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистонда халқ манфаати, инсон қадри ифодаси
09:35 / 2023-04-06

Ўзбекистон ҳаётида сўнгги йилларда оламшумул, кенг кўламли ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, мамлакатимизда Конституциявий ислоҳот жараёни қизғин паллага кирди. Бугун ҳар бир фуқаро шахсий ҳуқуқи ва эркинлигидан фойдаланиб, янги қабул қилинажак Асосий қонун ўзгаришлари амалиётига ҳисса қўшмоқда. Ҳар бир фуқаро ижтимоий келиб чиқиши, дини, миллати, элати, тилидан қатъи назар овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдум шакли, оқибати, аҳамияти жиҳатидан кўп қиррали институт. Бу умухалқ тадбири тўғридан-тўғри демократиянинг турли шакллари йиғиндиси сифатида алоҳида ўрин тутади.

Аввало, референдум сайловчилар учун ўз хоҳиш-иродасини билдириш учун жозибали воситадир. Давлат ислоҳотида фуқароларнинг бевосита иштирок этиши фактининг ўзи ҳайратланарли, муҳим жараён.

Қолаверса, фуқаро референдум ташаббускорлари томонидан илгари сурилган ўзгаришлар бўйича овоз бериш жараёнида қатнашади, қайси саволга жавоб бериши кераклигини олдиндан билади. Таъкидлаш жоиз, юртимизда кутилаётган референдум жараёнига тақдим этиладиган лойиҳа, умуман, мазкур жараён фақат халқимизнинг манфаати, тинч ва фаровон, осойишта ҳаёти учун қўйилаётган пойдевор. Бир сўз билан айтганда “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимиз бош тамойили – “Инсон – жамият – давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантирилиши муҳим ислоҳот сифатида намоён бўлмоқда.

Ҳар бир сайловчи долзарб ислоҳотларни “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқи ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшлар ҳуқуқи ва манфаатини тўла таъминлашга қаратилган ислоҳотларни қабул қилишда ўз овозини беради.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқи ва манфаати, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши, Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш сингари масалалар Конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттириш, жумладан, давлат ҳокимияти янада самарали ташкил қилшга ёрдам беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқ”. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади. Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.

Референдум орзу-ниятларимизни амалга ошириш учун берилган яна бир имкондир. Шундай экан, Конституциявий ислоҳот жараёнидаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур.

Камола Мараимова,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

катта ўқитувчиси,