French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциянинг олий юридик кучга эга экани нимани англатади?
13:36 / 2023-04-10

Конституция бу халқнинг хоҳиш истагини, манфаатларини ҳимоя қилувчи, унга хизмат қилувчи Асосий ҳужжат. Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ҳар бир норманинг амалдаги ижросини таъминлаш, барча давлат органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсадига айланиши лозим бўлади.

Конституциянинг олий юридик кучга эга экани норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимида энг юқори ўринда туриши ҳамда бошқа ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлигини англатади. Демак, бир сўз билан айтганда мамлакатнинг ҳуқуқий пойдеворини кўрсатиб берадиган, юрт  тараққиётини кафолатлайдиган давлатнинг Асосий қонуни ҳуқуқий белгисидир.  

Конституциянинг олий юридик кучга эканлигининг муҳим бир хусусияти, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартибининг ўзига хослигидир. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 154-моддасига кўра,  Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган Конституциявий қонун ёки референдум йўли билан киритилиши белгилаб қўйилган.  

Қолаверса,  Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилиши белгилаб қўйилган.  Мазкур нормага ўхшаш қоидалар Бразилия, Украина, Молдова, Россия Федерацияси конституцияларида қайд қилинган.  

Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги, унинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилиши Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилиши Асосий қонуннинг муҳофаза қилинишини янада кучайтиришга сабаб бўлади. Ушбу қоиданинг Конституция билан мустаҳкамланиши уни халқнинг хоҳиш-истагисиз ўзгартириб бўлмаслигига замин яратади.  

Бизда барча қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг Конституция нормаларига мослигини аниқлайдиган, унга ҳуқуқий баҳо берадиган мустақил Конституциявий суд органи фаолият олиб боради. Алоҳида эътироф этиш керакки охирги йилларда Конституция суд органи ўз фаолиятини ҳақиқий маънода янги мазмунда олиб боряпти десам янглишмаган бўламан. Бунинг исботи сифатида 2021 йил апрель ойида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда кўплаб конституциявий нормаларни ҳимояловчи механизмлар мустаҳкамланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.  

Мисол тариқасида, Қонуннинг 73-моддасидаги Конституциявий суднинг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўзининг амал қилишини тугатади, қолаверса, Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қарорлар қабул қилган давлат органлари уларни бир ой ичида қайтадан кўриб чиқиши керак бўлади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан бу муҳим бўлган норма.  

Таҳлилий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда Конституциявий суд томонидан жами 979 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганиб чиқилган. Шундан, 59 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 61 та фармони, 218 қарори, 12 фармойиши, Қорақалпоғистон Республикасининг 11 та қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 605 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 13 та буйруғи. Якунда тегишли хулосалар қабул қилинган.  

Якунда айтиш лозимки, ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда Конституциямиздан куч-қувват олиб ҳаракат қилиши, унга таяниши лозимлигини англаши лозим. Негаки,  Конституция барча қонун ҳужжатларининг энг юқорисида турувчи Асосий қонун эканини ҳаётларида ҳис қилишлари лозим  

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,  

Ўзбекистон Республикаси  

Жамоат хавфсизлиги университети профессори  

ЎзА