Жиззах вилояти судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ҳамда “Уч авлод” учрашуви ўтказилди.
Ушбу тадбир доирасида ёшлар, ўрта авлод вакиллари ва фахрийларни бирлаштирган маърифий мулоқот ташкил этилиб, Бош қомусимизнинг аҳамияти яна бир бор кенг жамоатчиликка тарғиб қилинди.
Тантанали маросим Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Йиғилиш видеоконференцалоқа орқали ўтказилиб, унда вилоят, шаҳар ва туманлардаги барча судларнинг судьялари, суд аппарати ходимлари, уларнинг ота-оналари ҳамда суд фахрийлари иштирок этишди.
Тадбирда Жиззах вилояти судининг раиси Акрам Шукуров ва вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмонов нутқ сўзлаб, янги таҳрирдаги Конституция мамлакат тараққиёти, жамият ривожи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтишди. Шу билан бирга, Асосий қонуннинг ҳаётимиздаги амалий ўрни ва амалга оширилаётган ислоҳотлардаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида “Конституция билимдони” танловига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг, ғолиблар вилоят суди раисининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шунингдек, Конституция куни муносабати билан Олий судда ўтказилган тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Пахтакор туман судининг судья ёрдамчиси Хуршиддин Давурбоев Олий суд раисининг ташаккурномасига сазовор бўлгани маълум қилинди. Бу эътироф вилоят судлари тизимида ҳам малакали кадрлар етишиб чиқаётганидан далолат беради.
Суд фахрийси Дилшод Ўролов ва Арнасой туман судининг тергов судьяси Мақсуд Эрназаров сўзга чиқишиб, янги таҳрирдаги Конституция “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳаси самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар.
[gallery-26581]
Тадбир якунида вилоят суди раисининг фармойишига асосан, 2025 йил давомида юқори натижаларга эришган судьялар, соҳалар бўйича намунавий ходимлар, суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият юритган мутахассислар ҳамда уларнинг ота-оналари фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Бу мукофотлар суд тизими ходимларининг фидойи меҳнатини юксак баҳолашнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция кунига бағишланган мазкур тадбир нафақат авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлади, балки суд тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳалол меҳнати ва юксак масъулиятини яна бир бор эътироф этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари