English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциямизнинг яратилиш тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси
16:27 / 2023-12-05

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, “Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида Конституциянинг яратилиш тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Кўргазмада Олий Мажлис палаталари архивлари, “Ўзархив” агентлиги тизимидаги Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги 90 дан ортиқ архив ва фотоархив ҳужжатлари намойиш этилди.  

Кўргазмадан шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқиш бўйича мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган асосий ғоялар, Президент ҳузурида бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнларидан лавҳалар, таклифлар, ҳужжатлардан намуналар, ишчи гуруҳ аъзоларининг мажлислари, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокамалар жараёнлари, референдумни ўтказиш бўйича Қонунчилик палатаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси ҳужжатлари, фото лавҳалари, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум якунлари, уларнинг ҳужжатлари, фотолавҳалар ўрин олди.  

Маълумки, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топган. 

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.  

Бугунги кунда Президентимизнинг жорий йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида Конституциямизнинг 31 йиллигини кенг нишонлашга катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.    

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатларининг кўргазмасини ташкил этиш ва тарихан шаклланган Конституциямизни кенг жамоатчиликка етказиш ишлари давом этмоқда.  

Ушбу кўргазма жорий йилнинг 7 декабрь кунигача давом этади.    

Гулноза Бобоева, ЎзА